Хоразмда ҳам “сўнгги қўнғироқ”лар жаранглади
Бугун юртимиздаги барча умумтаълим мактабларида жорий ўқув йили якунланиб, сўнгги қўнғироқ садолари жаранглади. Шу муносабат билан Хоразмдаги барча мактабларда ўтказилган тадбирларда ўқитувчилар ва ўқувчилар жамоалари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Барча тадбирлар аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан битирувчиларга йўлланган байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
Мамлакатимиз Президентининг мазкур табриги ёшларга кўтаринки руҳ, куч-ғайрат ва шижоат бағишлади.
Жорий ўқув йилида вилоят бўйича 27 минг 216 нафар йигит-қизлар 11-синфни тамомлаб, мустақил ҳаётга йўл олади. Бугунги кунгача уларнинг 2 минг 107 нафари хорижий тилларни билиш даражаси бўйича халқаро ва миллий сертификатларни қўлга киритди. 400 нафардан зиёди аллақачон олий таълим муассасаларига киришнинг энг юқори 189 балини тўплаб, муддатидан олдин талаба бўлди. Шунингдек, битирувчиларнинг 383 нафари олтин, 173 нафари кумуш медалларга тавсия қилинган.
Гурлан туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида Хоразм вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Саидов иштирок этиб, битирувчиларни ушбу унутилмас кун билан самимий муборакбод этди.
[gallery-29634]
– Умумтаълим мактабимизда 1700 нафардан зиёд ўқувчи таълим олади, – дейди мактабнинг директор ўринбосари Баҳром Сапаев. – Шундан 835 нафари бошланғич синф ўқувчилари, бу йилги битирувчилар сони эса 116 нафарни ташкил этади. Шундан 2 нафари муддатидан илгари талабаликка қабул қилинди. 62 нафари миллий ва халқаро сертификатларга эга бўлди.
Тадбир якунида ўқув йилида юқори натижаларга эришган устозлар, ўқувчилар, спортчи ёшлар ва фаол ота-оналар ташаккурнома, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари