Бир олийгоҳдаги катта ўзгаришлар
Фарғона давлат университетидаги бугунги муҳитни кузатар эканман, энг аввало, таълим жараёни, илм-фан ва ёшлар билан ишлашдаги янгича ёндашувлар эътиборни тортади. Замонавий инфратузилма, халқаро ҳамкорликнинг кенгайиши, илмий изланишлар ва талабалар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар олийгоҳ ҳаётида янги муҳит шаклланганини кўрсатмоқда.
Мен Фарғона давлат университетида қарийб 30 йилдан буён фаолият юритиб келаётган инсон сифатида бу ўзгаришларни яқиндан кузатдим. Шу боис бугунги ФарДУ билан бир неча йил аввалги олийгоҳни қиёслаганда, нафақат инфратузилмада, балки таълимга, талабага ва жамоага муносабатда ҳам сезиларли янгиланишларни кўриш мумкин.
Бугун қарийб 30 минг нафар талаба таҳсил олаётган университетда очиқ мулоқот, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ёшлар билан бевосита ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ректор ва талабаларнинг очиқ учрашувлари, ёшларнинг ўз таклиф ва муаммоларини бевосита билдириши шундай муҳит шаклланганидан далолат беради.
Фарғона давлат университетидаги ўзгаришларда ректор, педагогика фанлари доктори, профессор Баҳодиржон Шермуҳаммадовнинг бошқарув ёндашуви ҳам алоҳида ўрин тутади. Унинг жамоа билан яқин ҳамкорлик қилиши, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаши ва умумий мақсад сари жамоани бирлаштира олиши олийгоҳдаги янгиланишларнинг муҳим омилларидан бири бўлмоқда.
Менинг назаримда, бу натижалар замирида раҳбарнинг жамоа билан яқин ҳамкорлиги, ҳар бир ташаббусни қўллаб-қувватлаши ва умумий мақсад сари жамоани бирлаштира олгани муҳим ўрин тутади. Ҳар қандай янгиланиш, аввало, жамоавий меҳнат ва ўзаро ишонч муҳитида самара беради.
Сўнгги йилларда университетнинг моддий-техник базаси ҳам сезиларли даражада янгиланди. Замонавий ўқув бинолари, талабалар турар жойлари, аудиториялар, лабораториялар ва кутубхоналар барпо этилди. Ўқув жараёнини замонавий талаблар асосида ташкил этиш учун мавжуд бинолар таъмирланиб, ахборот-коммуникация технологиялари ва интерактив воситалар билан жиҳозланди.
Талабаларнинг илмга қизиқишини ошириш мақсадида давлат стипендияларидан ташқари, университетнинг ички стипендиялари тизими ҳам йўлга қўйилди. Мактаб битирувчилари ўртасида ўтказилаётган олимпиадалар эса иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни олий таълимга йўналтиришга хизмат қилмоқда.
Таълимни амалиёт билан уйғунлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Университетнинг агроучасткалари, вилоятдаги саноат ва агрокорхоналар билан ҳамкорлиги талабаларнинг ўз соҳаси бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш имконини бермоқда. Шунингдек, дуал таълим тизими орқали талабаларнинг назарий билимларини иш жараёни билан уйғунлаштириш, уларни келгуси касбий фаолиятга тайёрлашга кенгроқ шароит яратилмоқда. Бу ёндашув таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги боғлиқликни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, яшил энергетика ва муқобил энергия манбаларини жорий этиш бўйича ташаббуслар ҳам олийгоҳнинг замонавий тенденцияларга мос ривожланаётганини кўрсатади.
Ахборот-ресурс марказининг электрон базалар билан бойитилиши, онлайн китоблардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши, талабалар учун ташкил этилган “Book cafe”лар ҳам таълим муҳитини янада қулайлаштирмоқда.
Талабаларнинг маънавий ва ижтимоий ҳаётида ҳам янги имкониятлар пайдо бўлди. Театр студиялари, медиамарказлар, интеллектуал клублар, хорижий тиллар, дастурлаш ва таржима марказлари, “ФарДУ” профессионал футбол клуби ҳамда спорт тўгараклари ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг иқтидор ва қобилиятларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам эътибор кучайтирилган. Ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналаётган ёшлар билан “хонадонбай” ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, зарур ҳолларда иш билан таъминлаш ёки касбига мос жиҳозлар билан кўмаклашиш каби ишлар ёшларни қўллаб-қувватлашнинг амалий шаклларига айланган.
ФарДУдаги янгиланишлар халқаро майдондаги натижаларда ҳам акс этмоқда. Университет QS Stars баҳолаш тизимида умумий тўрт юлдузли мақомга, таълим сифати ва битирувчилар бандлиги бўйича эса беш юлдузли кўрсаткичга эришган. Шунингдек, олийгоҳ QS World University Rankings – Asia рейтингида 801-850 ўринлар оралиғидан жой олган. THE Impact Rankings, UI GreenMetric ҳамда Round University Ranking каби халқаро рейтингларда ҳам иштирок этмоқда.
Германиянинг ASIIN агентлиги томонидан кимё, биология, математика ва физика йўналишларидаги 8 та таълим дастурининг халқаро аккредитациядан ўтказилгани таълим сифатини халқаро мезонлар асосида такомиллаштиришга қаратилган ишларнинг яна бир натижасидир.
Бугун университет 34 та мамлакатдаги 200 дан ортиқ хорижий олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун академик алмашинув, қўшма илмий тадқиқотлар ва халқаро лойиҳаларда иштирок этиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Университет профессор-ўқитувчиларининг илмий салоҳияти 70 фоизга яқинлашиб бораётгани ҳам илм-фанга бўлган эътибор кучайганини кўрсатади.
Баҳодиржон Шермуҳаммадовнинг хорижий олий таълим муассасалари томонидан турли фахрий унвонларга сазовор бўлиши ҳам университетнинг халқаро алоқалари ривожидаги ўзига хос натижалардан биридир. Жумладан, унга Венгрия қишлоқ хўжалиги ва ҳаётий фанлари университети томонидан “Фахрий доктор”, Урал давлат педагогика университети, Тожикистон давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат университети ҳамда Озарбайжоннинг “Odlar Yurdu” университети томонидан “Фахрий профессор” унвонлари берилган. Хитойнинг Лоянг археологик тадқиқотлар институтида эса “Бош илмий ходим” унвонига сазовор бўлган.
Бугун Фарғона давлат университетида бўлаётган ўзгаришлар шуни кўрсатмоқдаки, таълим муассасасида янгиланиш аввало муҳитдан бошланади. Бу муҳитда устознинг меҳнати, талабанинг ташаббуси, илм-фанга интилиш ва жамоанинг умумий мақсади бир-бири билан уйғунлашади.
Мен учун ФарДУдаги бугунги ўзгаришларнинг энг муҳим жиҳати ҳам шунда. Замонавий бинолар, халқаро рейтинглар ва янги лойиҳалар муҳим. Аммо уларнинг барчаси замирида инсон, унинг билими, ташаббуси ва келажакка ишончи турибди.
Муҳаммаджон Мамажонов,
ФарДУ профессори, филология фанлари доктори.
ЎзА