Бир бино қулаши ортидан 100 манзил текширувга тортилди
АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри Бруклин туманида кўп қаватли турар-жой биноси қулаб тушиши оқибатида камида саккиз киши ҳалок бўлди, 18 киши жароҳатланди. Қурбонлар орасида икки нафар бола ва икки қурилиш ишчиси бор. Фожиадан сўнг шаҳар ҳокими Зуҳрон Мамданий ҳодиса билан боғлиқ бунёдкорлик манзилларини кенг кўламда текшириш бўйича кўрсатма берди.
Маълум бўлишича, бино ёнида йил бошидан буён қазиш ишлари олиб борилган. Расмий ҳужжатлар сентябрь ойида тоғ жинсларини портлатиш орқали майдалаш ишлари режалаштирилганидан гувоҳлик берган. Мамданий яқин атрофдаги қурилиш майдонига алоқадор 5 компания билан боғлиқ жами 100 объект фаолиятини текшириш ҳақида қарор чиқарган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан кўчадаги яна 3 манзил аҳолиси вақтинча кўчирилган.
Қутқарув ишига 250 нафарга яқин ходим жалб этилди. Кучли ёмғирга қарамай, улар ҳудудни тозалаб, одамларни қидирди. Кейинчалик ёнғин-қутқарув хизмати вайрона остида бошқа жабрланувчилар қолмаганини тасдиқлаб, амалиётни якунлади. Мамданий фожиа учун масъул шахслар ва ташкилотлар жавобгарликка тортилишини билдирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА