Арманистон КХШТда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди (+видео)
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар Арманистоннинг овоз бериш ҳуқуқини чеклашга қарор қилди, деб ёзган “Anadolu” агентлиги.
Шунингдек, Ереван ўз вакилларини тузилма раҳбарлик лавозимларига тайинлаш ҳуқуқидан ҳам вақтинча маҳрум этилди. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилган.
Мулозим таъкидлашича, қарор Арманистон бир неча йилдан бери ташкилот олдидаги мажбуриятини бажармаётгани ортидан қабул қилинган.
РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса чеклов КХШТ низоми 25-моддаси асосида жорий этилганига эътибор қаратган. Яъни, ушбу Кавказ мамлакати 2024 йилдан бери ташкилот бюджетига аъзолик бадали тўламаган. Демак, тегишли тақиқ амалиёти мавжуд қарз тўлиқ қоплангунга қадар кучда бўлади.
Дарвоқе, рус ташқи сиёсат идораси раҳбари Арманистон КХШТ доирасидаги асосий, жумладан жамоавий хавфсизлик кафолатидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолишига урғу берган.
Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА