Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ахборот ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабарлар, кузатув ва баҳолар бериб борилади. Шу орқали мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётга оид янгиликлар хорижий оммавий ахборот воситалари нигоҳида қандай ёритилаётгани ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
“Trend”: Озарбайжон ва Ўзбекистонни мусиқа, маданият яна бир бор яқинлаштирди

“Trend” ахборот агентлиги ёзишича, Ганжа шаҳрида “Озарбайжон маданияти ёзги мактаби” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжон санъаткорлари иштирокида қўшма концерт дастури ташкил этилди.
Таъкидланишича, Маданият вазирлиги ҳамда қардош мамлакатнинг юртимиздаги элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номли Маданият маркази ташаббуси билан ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият вакиллари, талабалар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Нашр қайд этишича, концертнинг бадиий қисмида Марказнинг “Харибулбул” театр жамоаси ҳамда Фикрат Амиров номли Ганжа давлат филармонияси хонандалари давлатларимизнинг бой мусиқаси, рақс санъати намуналарини тақдим этган.
WAM: Ўзбекистон ва БАА консуллик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

WAM ахборот агентлиги маълум қилишича, Тошкент шаҳрида Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон ўртасида консуллик масалалари бўйича илк маслаҳатлашув бўлиб ўтди.
Учрашувда икки мамлакат фуқароларига кўрсатилаётган консуллик хизмати сифатини яхшилаш, ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинган. Икки давлат муносабати барча соҳаларда изчил ривожланаётгани, бу эса раҳбарларнинг стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатини акс эттириши таъкидланган.
АзерТАЖ: Янги авлод раҳбар кадрларини тайёрлаш – давлат бошқарувидаги устувор вазифа

Озарбайжон давлат ахборот агентлиги – “AzerTAJ” ЎзА маълумотига таяниб хабар беришича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида янги авлод раҳбар кадрлари ва етакчиларни тайёрлаш масаласига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Мақолада давлат раҳбари истеъдодли ёшлардан иборат кадрлар захираси етарли эмаслиги бошқарув тизими самарадорлиги ва қабул қилинадиган қарорлар сифатига салбий таъсир кўрсатишига урғу бергани қайд этилган.
Шу муносабат билан номзодларнинг билими, касбий тажрибаси, психологик хусусияти, стратегик фикрлаши ва лидерлик қобилиятини умумий баҳолашга асосланган тизимга ўтиш зарурлиги таъкидланган.
Нашр ёзишича, янги тартибга мувофиқ истиқболли раҳбарлар фаолияти рақамли технологияга асосланган 100 баллик тизим бўйича баҳоланади. Юқори салоҳиятга эга мутахассислар улкан маълумот таҳлили ва бизнес таҳлили воситаси орқали сараланади. Улар учун сунъий интеллект ёрдамида индивидуал касбий ривожланиш режаси ишлаб чиқилади.
Синьхуа: Ўзбекистонга келаётган хорижий сайёҳлар сони ошмоқда

Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар қилишича, жорий йил январь-июнь ойларида Ўзбекистонга 6,5 миллиондан ортиқ хорижий фуқаро келиб кетган.
Миллий статистика қўмитаси ҳисоботига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 миллион нафар ёки 24,9 фоиз кўп.
Агентлик қайд этишича, сайёҳларнинг асосий қисми чегарадош давлатлар ҳиссасига тўғри келган. Хусусан, мамлакатга энг кўп ташриф буюрган Қирғизистон фуқаролари сони қарийб 1,9 миллион кишини ташкил қилган. Кейинги ўринларда Қозоғистон ва Тожикистон.
Д.Ҳакимов, ЎзА