Канадалик аёл самолётга илон олиб чиқмоқчи бўлди
Нидерландия Озиқ-овқат ва истеъмол моллари хавфсизлиги бошқармаси (NVWA) ижтимоий тармоқ саҳифасида хабар берилишича, муассаса ходимлари Схипхол аэропортида канадалик аёл самолётга қироллик питонини яширинча олиб чиқмоқчи бўлганини аниқлашди.
Жувон илонни кийими ичига яширган. Муҳофаза этиладиган жониворлар сирасига кирувчи бу жонивор хавфсизлик текшируви вақтида топилган. Аёл назоратчиларга илонни Амстердамдаги меҳмонхонадан топганини айтган.
– Бунга жиддий шубҳа бор, – деб ёзган NVWA вакиллари.
Муассаса йўриқчилари топилмани мусодара қилиб, воқеа юзасидан полицияга ариза топширган.
– Ҳимоядаги ҳайвонни шунчаки саёҳатга олиб кетиш тақиқланади, – дея маълум қилди идора. – Ҳатто жонивор кўчадан топиб олинган бўлса ҳам, бунга йўл қўйилмайди.
Ҳозир илон тажрибали мутахассислар назоратида, хавфсиз жойда сақланмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА