АҚШнинг Суриядаги ҳарбий объектига ҳам зарба берилди
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси жума куни Суриянинг Ал-Таниф ҳудудида жойлашган АҚШ ҳарбий объектига зарба берганини маълум қилди.
Ислом Республикаси давлат оммавий ахборот воситалари хабар беришича, мазкур ҳужум Эроншаҳрда маҳаллий аскарлар ўлдирилишига жавобан қасос чораси сифатида амалга оширилган. Ҳозирча маълумот расман тасдиқланмаган.
“Reuters” агентлиги вазиятни мустақил равишда текшира олмаганини билдирди. АҚШ ҳарбийлари ва Сурия ҳукумати эса воқеа юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермади. Қолаверса, Америка армияси шу йил февраль ойидаёқ Сурия, Иордания ва Ироқ чегаралари кесишган стратегик нуқтадаги Ал-Таниф базасидан қўшин тўлиқ олиб чиқиб кетилганини маълум қилган эди.
Айни пайт Сурия раҳбарияти қўшни давлатларни қамраб олган минтақавий низога аралашмасликка ҳаракат қиляпти. Маълумки, қўшни Ливанда “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Исроил армиясига қарши жанг олиб боряпти, Ироқдаги Эронга алоқадор қуролли гуруҳлар АҚШ базаларига дрон ва ракета билан тинимсиз зарба бермоқда.
Президент Аҳмад Аш-Шараъ март ойида Лондондаги “Chatham House” таҳлилий маркази тадбирида чиқиш қилиб, бирор томон Сурия ҳудудига тўғридан-тўғри ҳужум қилмаса, мамлакат ҳар қандай можародан четда қолишини алоҳида таъкидлаган. Эрон ҳарбийлари стратегик аҳамиятга эга Ҳурмуз бўғози устидан назорат тўлиқ Теҳрон қўлидалигини эълон қилди. Давлат ОАВ огоҳлантиришича, агар АҚШ ҳужуми давом этса, ушбу сув йўли орқали ҳеч қандай нефть ва газ экспортига йўл қўйилмайди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА