Архив соҳасида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги тизимида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан брифинг бўлиб ўтди.
Унда “Ўзархив” агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев томонидан соҳада очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар юзасидан маълумот берди.
Қайд этилганидек, ўтган йил 2 майда тасдиқланган коррупцияга қарши курашиш дастури доирасида белгиланган 31 та чора-тадбирнинг ижроси таъминланди. Дастур доирасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш, инсон омилини қисқартириш ҳамда хизматлар кўрсатиш жараёнларини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 24 ноябрдаги “Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши соҳада коррупция хавфларини камайтириш бўйича муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Мазкур фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 августдан бошлаб давлат архивлари томонидан амалга ошириладиган бир қатор функциялар тўлиқ рақамлаштирилган шаклда бажарилиши белгиланди.
Жумладан, Миллий архив фонди ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш, йиғмажилдлар рўйхатларини шакллантириш ва тасдиқлаш, архив ҳужжатларини қабул қилиш ва фойдаланишга бериш, ташкилотлар қайта ташкил этилаётганда архив ҳужжатларининг сақланишини келишиш, йиғмажилдлар номенклатураларини шакллантириш ҳамда давлат архивларига ҳужжат топширувчи ташкилотларнинг ягона рўйхатини юритиш каби жараёнлар электрон шаклга ўтказилмоқда.
Шунингдек, агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказилаётган давлат назорати тадбирлари натижалари мунтазам равишда ҳайъат йиғилишларида муҳокама қилиниб, масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитиб борилди. Бу эса соҳадаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш имконини бермоқда.
Коррупциявий омилларни камайтириш мақсадида архив ҳужжатларини тартибга келтириш бўйича талабгорларни аттестациядан ўтказиш хизмати давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда кўрсатилиши йўлга қўйилди. Натижада инсон омили қисқариб, хизмат кўрсатиш жараёнларининг шаффофлиги янада оширилди.
Айни пайтда ахборот тизимида хизмат кўрсатиш шартномаларини электрон шаклда тузиш бўйича янги модуль ишлаб чиқилиб, агентлик тизимида босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бу эса шартномавий муносабатларда очиқлик ва назорат механизмларини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Кадастр соҳасида ҳам коррупция хавфларини бартараф этишга қаратилган янги тартиблар жорий этилди. Энди кўчмас мулк объектларига кадастр паспортини расмийлаштириш ва ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларида архив маълумотномалари фақат Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали олинади. Шунингдек, тақдим этилган архив маълумотларининг ҳаққонийлиги Архив ахборот тизими орқали автоматик текширилади. Номутаносиблик ёки сохталаштириш ҳолатлари аниқланганда, материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиши белгиланган.
Коррупцияга қарши ички назорат тизимини такомиллаштириш мақсадида Кадастр агентлиги ва “Ўзархив” агентлиги томонидан қўшма буйруқ қабул қилиниб, ҚР-кодли архив маълумотномаларини электрон тизим орқали текшириш механизми тўлиқ амалиётга жорий этилди.
Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш соҳасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан,e-anticor.uz электрон платформаси орқали агентлик ва унинг тизимидаги 176 та функция таҳлил қилинди. Натижада 2 та функция юқори, 21 та функция ўрта ва 153 та функция паст даражадаги коррупциявий хавфга эга деб баҳоланди. Ушбу таҳлиллар асосида коррупциявий хавф-хатарлар харитаси, коррупцияга мойил лавозимлар рўйхати ҳамда тегишли дастурлар тасдиқланди.
Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳисобот даврида агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари раҳбар ҳамда ходимлари томонидан тақдим этилган 1801 та эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви декларацияси таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра, 14 нафар бошқарув ходимида 18 та эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳолати аниқланди ва белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Шунингдек, ўрганишлар натижасида 2 та ҳақиқий манфаатлар тўқнашуви ҳолати бартараф этилди.
Агентлик томонидан тузилаётган барча хўжалик шартномаларига коррупцияга қарши махсус қоидалар киритилмоқда. Эътиборлиси, ҳисобот даврида бирорта ҳам контрагент ушбу шартларни қабул қилишдан бош тортмаган.
Коррупцияга қарши маданиятни шакллантириш ва ходимларнинг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида тизим ташкилотларида кенг қамровли тарғибот ва ўқув тадбирлари ташкил этилди.
Коррупция ҳақидаги мурожаатлар билан ишлаш тизими ҳам самарали йўлга қўйилган. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Самарқанд ва Навоий вилоятларига оид коррупция аломатлари бўйича 2 та мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатлар ҳар томонлама ўрганилди ва уларда келтирилган важлар ўз тасдиғини топмади.
Мониторинг ва назорат ишлари доирасида Самарқанд, Навоий ҳамда Хоразм вилоятларида жами 3 та ўрганиш ўтказилди. Аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўриш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзархив” агентлиги томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида белгиланган вазифаларнинг ижроси таъминланиб, хизматлар кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, ички назорат механизмларини кучайтириш ҳамда жамоатчилик учун очиқликни таъминлаш борасида сезиларли натижаларга эришилди.
Келгусида ҳам соҳада коррупциявий хавф-хатарларни янада қисқартириш, рақамли хизматларни кенгайтириш ва шаффофликни таъминлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилади.
Гулноза Бобоева,ЎзА