Арманистонда парламент сайлови давом этяпти
Бугун Арманистонда тўққизинчи чақириқ парламентига сайлов бўлиб ўтяпти. “АзерТАЖ” хабарига кўра, фуқаролар Ереван вақти билан соат 20:00 гача овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Мамлакат ташқарисида жараён ташкил қилинмаган.
Соат 12:00 дан бошлаб Марказий сайлов комиссияси (МСК) ҳар уч соатда сайловчилар иштироки тўғрисидаги маълумотни эълон қилиб турибди. Соат 23:00 атрофида энг кичик ва чекка қишлоқлардаги умумий манзарани акс эттирмайдиган ҳудудлар натижаси эълон қилинади. Эртага 2:00 3:00 оралиғида сайловчиларининг учдан бири истиқомат қиладиган пойтахт Ереван ва бир неча йирик шаҳардан маълумот кела бошлайди. Электрон овозларни ҳисоблаш 8 июнь куни эрталаб соат 8:00 да якунланади.
Арманистон парламенти пропорционал тизим ёрдамида, яъни фақат партия рўйхати бўйича шакллантирилади. Ўрин учун ўн саккиз сиёсий куч кураш олиб боряпти: 16 та партия ва икки блок. Партиялар учун чегара 4 фоиз, блоклар учун эса 8 фоиз этиб белгиланган. Натижани ҳисоблашда яроқсиз ва қасддан бузилган бюллетенлар ташлаб юборилади. Партиялар томонидан тўпланган овоз фоизи фақат амалдаги варақалар жами сонига қараб ҳисобланади.
Г.Сатторова, ЎзА