“Chevron” Қора денгиздаги танкерларга ҳужум бўйича Трамп маъмуриятига мурожаат қилди
“Chevron” компанияси бош директори Майкл Вирт Украинанинг Қора денгиздаги танкерларга ҳужумидан сўнг Трамп маъмурияти билан музокара олиб борди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” нашри хабар тарқатди. Воқеага “Chevron” томонидан ижарага олинган танкер яқинда содир бўлган ҳужум туфайли шикастлангани туртки бергани айтилмоқда.
Россия порти нефть экспортининг асосий маркази ва қисман “Chevron”га тегишли бўлган, дунё миқёсида кунлик нефть таъминоти 2 фоизини ташийдиган қувур линияси охирги нуқтаси ҳисобланади. Ўша ҳодисадан кейин ушбу қувур тизимига хом нефть юклаш камайди. Хусусан, Қозоғистон нефтни сақлаш ҳажми чекланиши ортидан қазиб олишни камайтиришга мажбур бўлди.
Манбаларга кўра, нефть саноати вакиллари билан маслаҳатлашувдан сўнг Трамп маъмурияти Украинани Россияга тегишли бўлмаган кемаларга ҳужум қилмаслик тўғрисида огоҳлантирган.
– Трамп маъмурияти Каспий қувур тизими консорциуми (КҚК) Қозоғистон энергиясини Европа бозорига етказиб бериш учун муҳим йўл сифатида кўради, – деган расмий, – Бу РФ энергиясига муқобил қувват бўлиб хизмат қилади.

“Chevron” КҚК тузилмасининг 15 фоиз улушига эга, Тенгиз кони компаниянинг глобал ишлаб чиқаришдаги тахминан 12 фоизни ташкил этади. Таҳлилчилар фикрича, агар ҳужум давом этса, “Chevron” шу конда ишлаб чиқаришни камайтиришга мажбур бўлади.
Қозоғистонда 1993 йил фаолият бошлаган “Chevron” айни пайт Қозоғистон ҳукумати билан лойиҳани 2033 йилдан кейин ҳам давом эттиришга имкон берадиган шартнома тузишни кўзлаяпти. КҚК эса кунига тахминан 1,4 миллион баррель нефть ташийди, хом ашёнинг салмоқли қисми Европа, хусусан Испания бозорига йўналтирилган.
Ҳисоб-китобга кўра, 2026 йил “Chevron” бир баррель учун 70 долларлик нарх сақланиб қолса, Тенгиз конидан 6 миллиард доллар даромад кўриши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА