АҚШ коинотга қурол жойлаштирганини биринчи марта тан олди (+видео)
АҚШ илк бор Ер орбитасига ҳужум қилишга мўлжалланган қурол жойлаштирганини тан олди, деб хабар берди ВВС.
Душанба куни Ҳаво, космос ва кибер уруш масалаларига бағишланган конференцияда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари вазири Трой Мейнк бу қурол Америка ҳарбийларини таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун кераклигини айтди. Аммо у қуролнинг қандай имкониятларга эга эканини ва орбитага қачон чиқарилганини айтмади.
Бунга қадар АҚШ расмийлари фақат космосдаги ҳарбий имкониятларни кучайтириш режалари ҳақида гапирган эди. Улар бунга Россия ва Хитойнинг ҳарбий можаро юз берган тақдирда АҚШ сунъий йўлдошларига ҳужум қилиши ёки уларнинг издан чиқариши мумкинлигини сабаб қилиб кўрсатишган.
Трамп маъмурияти АҚШ ҳудудига таҳдид солиши мумкин бўлган ракеталар ва бошқа нишонларни уриб туширишга мўлжалланган «Олтин гумбаз» тизими космосдаги воситаларни ҳам ўз ичига олишини айтган.
1967 йилда собиқ СССР ва АҚШ космосга оммавий қирғин қуролларини жойлаштиришни тақиқловчи шартномани имзолаган. Бу ҳужжат космосни, Ойни ва бошқа осмон жисмларини ўрганиш ҳамда улардан фойдаланиш тамойилларини белгилайди ва бошқа давлатлар учун ҳам қўшилишга очиқ эди. Бироқ бу шартнома ядровий ва бошқа оммавий қирқин қуролларига тааллуқли бўлиб, оддий ҳарбий қуролларни космосга жойлаштиришни тақиқламайди.
Шунинг учун сўнгги йилларда Россия, Хитой ва АҚШ рақиб давлатларнинг сунъий йўлдошларига ҳужум қилиш имконини берадиган турли воситаларни ишлаб чиқмоқда. Бу сунъий йўлдошлар алоқа, разведка ва навигация учун муҳим аҳамиятга эга.
2019 йилда АҚШда 70 йил ичида биринчи марта янги қўшин тури, яъни Космик кучлар ташкил этилди. Ўтган йили президент Дональд Трамп Космик кучларга нафақат мудофаа, балки ҳужум қилиш вазифалари ҳам юклатилгани ҳақида фармон чиқарди.
Февраль ойи бошида Россиянинг икки сунъий йўлдоши Украинага қарши уруш бошланганидан бери Европанинг камида 12 та сунъий йўлдошидан сигналларни юқори эҳтимол билан ушлаб келгани маълум бўлди. Ушланган сигналлар Россия разведкасига етиб борган бўлиши мумкин. Назарий жиҳатдан эса сунъий йўлдошларни бошқариш тизимини эгаллаб олиш хавфи ҳам бўлган. 2024 йилда эса АҚШ Россия бошқа сунъий йўлдошларга ҳужум қилиш имкониятига эга бўлган сунъий йўлдошни учирганини маълум қилди. Лекин, Россия бу хабарга изоҳ бермади.
АҚШ Космик кучлари маълумотларига кўра, Хитой ҳарбий салоҳиятини модернизация қилиш стратегияси доирасида космосдаги ва космосга қарши йўналишдаги имкониятларни ишлаб чиқмоқда. Россия эса космосни уруш олиб бориладиган муҳитлардан бири ва келажакдаги можароларда космос устидан назорат ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади, деб ҳисоблайди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qKc-6JnZ9sE" title="AQSH koinotga qurol joylashtirganini birinchi marta tan oldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, А.Ахмедов. ЎзА