АҚШ, Дания ва Гренландия Арктика ҳамда Шимолий Атлантика хавфсизлиги бўйича келишувга эришди
Дания, Гренландия ва Қўшма Штатлар Арктика ҳамда Шимолий Атлантикада хавфсизликни мустаҳкамловчи келишувга эришини режалаштирган. Ҳужжат келгуси ҳафта БМТ Бош Ассамблеяси доирасида имзоланиши кутиляпти.
Дания ҳукумати веб-сайтида тарқатилган хабарда таъкидланишича, ушбу битим имзолангач, муайян келишув кучга киради. Бинобарин, ташаббус аввал парламент тасдиғидан ўтиши керак.
– Гренландия, Дания Қироллиги, Қўшма Штатлар ва Ғарб иттифоқи хавфсизлигини таъминлайдиган ва янада мустаҳкамлайдиган келишувга яқинлашаётганимиздан мамнунмиз, – деди улкан орол-давлат ҳукумати раҳбари Йенс-Фредерик Нильсен. – Келишув Гренландия манфаати ва халқаро ҳамкорликдаги ўрнимизни ифодалайди. Бу ғоя барчамиз учун фойдали.
Дания Бош вазири Метте Фредериксен ҳам битим истиқболига ишонч билдириб, келишув Арктика ва Шимолий Атлантика минтақасида умумий хавфсизликни мустаҳкамлаши, НАТО ва Европа учун ҳам наф келтиришини таъкидлади.

– Шу тариқа Қироллик суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, Гренландия халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи тан олинади, – дея хулоса қилган у.
Эслатиб ўтамиз, кеча кечқурун АҚШ Президенти Дональд Трамп Дания ва Гренландия орол-мамлакат хавфсизлиги устидан назоратни Вашингтонга бериш тўғрисида келишувга эришганини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, келишув доимий мақомга эга.
Айрим оммавий ахборот воситалари ҳали имзоланмай туриб, ҳужжат мазмунидан хабардорлигини маълум қила бошлади.
Таъкидланишича, АҚШ – Дания – Гренландия келишуви билан таниш бўлган Қўшма Штатлар ва Қироллик расмийлари белгиланган шартларни юқори баҳолаган. Қолаверса, музокара жараёни билан таниш юқори лавозимли амалдорлар асосий қоидани ҳам ошкор қилишган.
Масалан, Вашингтонга оролда ҳарбий база яратиш, кириш ва парвоз қилиш учун доимий ҳуқуқ бериш банди бор. НАТОга аъзо бўлмаган давлатлар ҳарбий базасини жойлаштириш эса тақиқланган.

Томонлар Хитой ва Россиядан нозик инвестиция киришини чеклаш учун сармояни текшириш механизми яратишга ҳам келишган.
Яна бир бандда орол халқининг ўз сиёсий келажагини мустақил равишда белгилаш ҳуқуқи сақлаб қолиниши белгиланган.
Ҳужжатда Гренландиянинг бирор ҳудуди Қўшма Штатларга ўтказилиши бўйича ҳеч қандай қоида йўқ.
С.Раҳимов, ЎзА