КХДР “дўстлар”ига яна мақтанди
КХДР Япония ва Жанубий Корея томонидан баллистик ракета дея гумон қилинаётган қурилмани Япон денгизи томон учирди. Токио маълумотига кўра, ракета тахминан 60 километр баландликка кўтарилиб, 440 километр масофани босиб ўтган.
Кун чиқар мамлакат мудофаа вазири Синзиро Коизуми билдиришича, учоқ маҳаллий вақт билан соат 15:00 атрофида мамлакатнинг шарқий соҳили яқинидан шимоли-шарққа йўналтирилган. Ракета Япониянинг махсус иқтисодий зонаси ташқарисига тушган. Жанубий Корея ҳарбийлари ҳам шимол томонидан “номаълум снаряд” учирилганини маълум қилди.
Воқеа Пхеньян БМТ Атом энергияси бўйича халқаро агентлигининг мамлакат ядровий дастурига қарши резолюциясини рад этгандан бир неча кун ўтиб содир бўлди. КХДР Ташқи ишлар вазирлиги резолюция мамлакатнинг “ядровий давлат” сифатидаги мақомига таъсир этмаслигини билдирди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп август ойида Ким Чен Ин билан муносабати айни пайт яхши эканини яна бир бор таъкидлаб, йил охирига қадар Шимолий Корея раҳбари билан учрашиш нияти борлигини айтган. Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон АҚШ, Жанубий Корея ва Япония иштирокидаги ҳарбий машғулотни танқид қилди. У мазкур амалиётни Вашингтон бошчилигидаги “урушга тайёргарлик” деб атаб, Пхеньяннинг ядровий тийиб туриш салоҳиятини кучайтириш йўли ўзгармаслигини билдирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА