“Ақлли шаҳар” концепциясини йўлга қўйишда Хитой билан ҳамкорлик қилинади
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Хитойнинг "Shanghai LinkWise Data Tech" компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
"Shanghai LinkWise Data Tech" компанияси раиси Ван Сюҳуей билан бўлиб ўтган мулоқотда Тошкент шаҳрида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, сунъий интеллект ечимларидан самарали фойдаланиш, маълумотларни ягона рақамли муҳитда жамлаш, уларни таҳлил қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ҳамда дата-марказлар ва "булут"ли инфратузилмани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, учрашувда “Қулай шаҳар муҳити” ва “Ақлли шаҳар” концепциялари доирасида транспорт ҳаракатини интеллектуал бошқариш, тирбандликларни таҳлил қилиш ва прогнозлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, экологик мониторинг ҳамда коммунал хизматлар самарадорлигини оширишга қаратилган рақамли ечимларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни кенгайтириш, истиқболли қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва Тошкент шаҳрининг рақамли ривожланиш йўналишларини қўллаб-қувватлаш бўйича мулоқотларни давом эттиришга келишиб олди.
Гулноза Бобоева, ЎзА