Инглиз тили кундалик мулоқот воситаси сифатида ўргатилмоқда
Ёзги таътил аксарият ўқувчилар учун дам олиш фасли бўлса, Жиззахдаги юзлаб ўғил-қизлар учун у янги билим ва имкониятлар мавсумига айланмоқда. Айниқса, хорижлик ўқитувчилар иштирокида ташкил этилган машғулотлар ёшларнинг тил ўрганишга бўлган қизиқишини янада кучайтирмоқда.
Мактабларда ўқув йили якунланган бўлса-да, Жиззах вилоятидаги қатор таълим муассасаларида ҳаёт қайноқ. Ёзги соғломлаштириш ва таълим оромгоҳларида болалар нафақат мазмунли дам олмоқда, балки янги билим ва кўникмаларни ҳам эгалламоқда.
Давлатимиз раҳбарининг хорижий тилларни ўрганишни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қарори ижроси доирасида вилоятдаги 10 та мактабда хорижлик ўқитувчилар иштирокида махсус машғулотлар ташкил этилган. Шулардан бири Жиззах шаҳридаги 12-сонли умумтаълим мактабидир.

Бу ерда Жанубий Африка Республикасидан келган педагог Бусисва Нкаса инглиз тилидан дарс бермоқда. Унинг интерактив усулларга асосланган машғулотлари ўқувчиларнинг эркин мулоқот қилиш, тўғри талаффуз ва амалий нутқ кўникмаларини шакллантиришга хизмат қиляпти. Таълим жараёнида инглиз тили фан сифатида эмас, балки кундалик мулоқот воситаси сифатида ўргатилмоқда.
Мутахассис Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда халқаро ҳамкорлар томонидан амалга оширилаётган махсус дастур асосида фаолият юритмоқда. Бу эса таълим сифатини халқаро мезонларга яқинлаштириш билан бирга, ўқувчиларнинг тил муҳитига чуқурроқ кириб бориши учун имконият яратмоқда.

— Илгарилари инглиз тилида гапиришга иккиланардим. Ҳозир эса эркин мулоқот қилишга ҳаракат қиляпман. Дарслардаги ўйинлар ва жамоавий машқлар тил ўрганишни янада қизиқарли қилмоқда, — дейди 6-синф ўқувчиси Элбек Худойқулов.
Эътиборлиси, мазкур оромгоҳда инглиз тили билан бир қаторда рус тили, компьютер саводхонлиги ва спорт йўналишлари бўйича ҳам машғулотлар йўлга қўйилган. Бу эса болаларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, уларда мустақил фикрлаш ва жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Бугун вилоятнинг Бахмал, Арнасой, Шароф Рашидов туманлари ҳамда бошқа ҳудудлардаги қатор мактабларда хорижлик устозлар иштирокидаги машғулотлар давом этмоқда. Бу эса таълим соҳасида халқаро тажрибани кенг жорий этиш, энг муҳими, ёш авлоднинг рақобатбардош билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган амалий қадамлардан биридир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири