Давлат хизмати – Ватан ва халқ олдидаги юксак масъулият
23 июнь – Давлат хизмати куни сифатида бутун дунёда нишонланади. Бу 2002 йил 20 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 57/277-сон резолюцияси билан таъсис этилган. Ўзбекистонда ҳам мазкур сана кенг нишонланмоқда.
Резолюцияга мувофиқ, аъзо давлатларга давлат хизматининг жамият тараққиётидаги ўрнини кенг тарғиб қилиш, давлат хизматчиларининг меҳнатини эътироф этиш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш тавсия этилган.
Давлат хизмати кунининг асосий ғояси – давлат хизмати жамият тараққиётининг муҳим омили эканини эътироф этиш ва инсонларга сидқидилдан хизмат қилаётган давлат хизматчиларини қадрлашдан иборат.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида ҳам 23 июнь – БМТнинг Давлат хизмати кунида давлат хизмати аҳамиятини ёритишга оид махсус тадбирлар ташкил қилиниши белгиланган.
Эътироф этиш керакки, янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида давлат бошқаруви тизими модернизация қилинди ва аҳолига сифатли ва самарали хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Халқпарвар давлат барпо этиш йўлидаги улкан вазифаларни амалга оширишда давлат хизматчилари муҳим ўрин эгалламоқда.
Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилиши, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, натижадорлиги ва халқ манфаатларига хизмат қилиши, аввало, давлат хизматчиларининг фидокорона меҳнати, юксак масъулияти ва касбий салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ.
Айтиб ўтиш керакки, Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги айнан шу йўналишда изчил фаолият олиб бориб, давлат хизматчиларининг билими, малакаси, компетенцияларини ошириб боришга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Давлат хизмати – бу нафақат муайян касбда ишлаш, балки Ватан ва халқ олдидаги юксак масъулият, тараққиёт ва фаровонлик йўлида хизмат қилиш шарафи.
Н.Абдураимова, ЎзА