Андижонда арзонлаштирилган байрамолди савдо ярмаркалари ташкил этилди
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллик байрами арафасида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Андижон шаҳри ҳамда вилоятнинг туман ва шаҳарлари марказларида арзонлаштирилган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркалари фаолияти йўлга қўйилди.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида Андижон шаҳаридаги 17 та маҳалла гузари, аҳоли гавжум масканларда иш бошлаган савдо ярмаркалари расталаридан “Андижон вилоят бозорлари ва савдо мажмуалари” уюшмаси, “Андижонгўштсутсавдо”, “Андижонбалиқ” масъулияти чекланган жамиятлари, вилоятдаги агрофирмалар, паррандачилик корхоналари, савдо ташкилотлари маҳсулотлари, шунингдек, фермер хўжаликлари ҳамда деҳқонлар томонидан етиштирилган, ишлаб чиқарилган мева-сабзавотлар, озиқ-овқат, мева ва полиз маҳсулотлари ўрин олган.
– Туманимиз деҳқонлари томонидан Андижон шаҳридаги “Тараққиёт” маҳалласи гузарида арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкил этилди, – дейди Агросаноатни ривожлантириш агентлиги Жалақудуқ тумани бўлими раҳбари Одилжон Мадаминов. – Ярмаркада қишлоқ хўжалиги, полиз, озиқ-овқат маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар сотилмоқда.
Ҳамюртларимизнинг байрам дастурхонлари тўкин бўлишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу савдо ярмаркалари шаҳар аҳолиси учун қулайлик яратмоқда. Қолаверса, савдога қўйилган маҳсулотлар нархи бозордагига нисбатан арзон. Бундан ташқари, намунали хизмат кўрсатилиши, пластик карталар орқали ҳам савдоларнинг йўлга қўйилганлиги юртдошларимизга манзур бўлмоқда.
[gallery-30916]
– Маҳалламиз гузарида ташкил этилган ярмаркада қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмоқда, – дейди Андижон шаҳридаги “Ўрикзор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, меҳнат фахрийси Турсуной Матқобулова. – Айниқса, мол, товуқ гўшти, балиқ ҳамда тухум бозорга нисбатан арзон нархларда сотилаётганлигидан хурсандмиз.
Дарҳақиқат, савдо ярмаркаларида бир килограмм мол гўшти 110 минг сўм, тухумнинг донасини 900 сўм, товуқ гўштининг килосини 22 минг сўм, гуруч турига қараб 8-15 минг сўм, картошка 4,5 минг сўм, сабзи 5 минг сўм, пахта ёғининг литри 16 минг, писта ёғи 20 минг сўмдан сотилаётганлигидан аҳоли мамнун бўлмоқда.
Мустақиллик байрами муносабати билан ташкил этилган арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдо ярмаркалари аҳолига қулайлик яратиш билан бирга, уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Арзонлаштирилган байрамолди савдо ярмаркалари Андижон вилоятининг барча туман, шаҳар марказларида ҳам ташкил этилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари