Андижонда архив соҳасининг ярим йиллик фаолияти сарҳисоб қилинди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон вилоят архив иши ҳудудий бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида архив тизимида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Миллий архив фонди ҳужжатларини сақлаш ва уларнинг бутлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Ҳисобот даврида 152 минг 759 варақ ҳужжат таъмирланиб, 3 минг 264 та йиғмажилд тикилди ва муқоваланди.
Архив ҳужжатларини рақамлаштириш ишлари ҳам изчил давом эттирилди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 56 минг 212 та сақлов бирлиги рақамлаштирилиб, 9 миллиондан ортиқ электрон кадр тайёрланди. Шунингдек, ташкилотлардан 2 минг 676 та сақлов бирлиги архивга қабул қилинди.
[gallery-30385]
Матбуот анжуманида аҳоли ва ташкилотлар мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек, e.archive.uz ахборот тизимини бойитиш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида ҳам маълумот берилди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида архив муассасалари томонидан кўрсатилган пуллик хизматлар ҳажми 2 миллиард 65 миллион сўмдан ошди.
Тадбир якунида журналистлар ва блогерларни қизиқтирган саволларга масъуллар томонидан жавоб берилди.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА