“Раҳбар аёллар” таълим дастурининг янги мавсуми бошланди
“Раҳбар аёллар” таълим дастурининг 2026 йилги мавсумига старт берилди. Дастур доирасида истиқболли ва юқори салоҳиятга эга хотин-қизларни раҳбарлик фаолиятига тайёрлашнинг навбатдаги босқичи бошланди.
Мазкур дастур Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–87 ва ПФ–78-сон фармонлари ижроси доирасида ташаббускор, истиқболли ва юқори салоҳиятга эга хотин-қизларнинг замонавий раҳбарлик компетенцияларини ривожлантириш, уларни давлат хизматига тайёрлаш ҳамда профессионал салоҳиятини юксалтириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Жорий йилда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тавсия этилган 250 нафардан зиёд номзод орасидан саралашнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтган 50 нафар энг салоҳиятли хотин-қиз дастур тингловчиси сифатида танлаб олинди.

Таълим дастури давомида тингловчилар Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида замонавий бошқарув йўналишлари бўйича таҳсил олади, вазирлик ва идораларда ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида амалий стажировка ўтайди, хорижий тажрибани ўрганиш имкониятига эга бўлади ҳамда якунда лойиҳа ишларини ҳимоя қилади.
Тадбир доирасида ушбу дастурнинг ўтган йиллардаги натижалари тақдим этилди, битирувчилар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, “Асрлар кўзгусида аёл раҳбарлар сиймоси”, “Даврлар кўзгусида раҳбар аёл имижи” ва “Инновацион ғоялар соҳибалари” мавзуларидаги кўргазмалар намойиш этилди.

“Раҳбар аёллар” дастури давлат бошқаруви тизими учун замонавий билим ва етакчилик компетенцияларига эга малакали аёл раҳбарлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.
ЎзА