Ака-ука тадбиркорлар Чортоқда кутубхона қурди
Давлатимиз раҳбарининг китобхонлик ва китоб мутолаасига эътиборни янада кучайтиришга доир фармон ва қарорларини ижро этишга катта аҳамият берилмоқда. Фикримизнинг яққол далили сифатида айтиш мумкинки, Чортоқ туманидаги Зафар Диёр номли маҳаллада “Маърифат” кутубхонаси ва китоб дўкони иш бошлади.
Китобхонлик маданиятини ҳар қачонгидан кўра юксалтириш, ёшларнинг, умуман олганда, бадиий асарларга қизиқувчиларнинг бўш вақтини янада мазмунлироқ ташкил этиш ниятида очилган бу гўзал маскан дастлабки кунданоқ юзлаб китобсеварлар билан гавжум бўлди.
“Маърифат” деб номланган бу кутубхона ва китоб дўкони чортоқлик фидойи инсонлар - таниқли ёзувчи ва таржимон Нурулла Аббосхон, истеъдодли драматург Давлатиллоҳ Ғозиев ва маърифатни қадрлайдиган тадбиркор Оятиллоҳ Ғозиевнинг саъй-ҳаракати ҳамда ташаббуси билан ўз маблағи ҳисобидан қуриб битказилди. Бу бинонинг қад ростлашида Чортоқ тумани ҳокими Илҳомжон Сатторовнинг қимматли маслаҳатлари ҳамда фидойилиги алоҳида таҳсинга лойиқ.

Чортоқлик ака-ука тадбиркорлар - Давлатиллоҳ ва Оятиллоҳ Ғозиевнинг қарийб бир миллиард сўмлик маблағи ҳисобига қурилган икки қаватли кутубхона шаҳарнинг кўркига кўрк қўшди. Диққатни жалб этадиган томони шундаки, бу муҳташам кутубхонадан 20 мингтадан зиёд турли жанрдаги қизиқарли бадиий асарлар, оммабоп, илмий адабиётлар жой олди. Энг муҳими, маънавият ва маданият масканидаги 65 ўринли ўқув зали китоб ихлосмандлари билан тўлди.
Шуниси қувонарлики, бу жойда китоб мутолааси ҳамда кишиларнинг етарли даражада билим олишлари учун қулай шароитлар яратилган. Шу сабабли кутубхонага ҳамда китоб дўконига ҳар куни боғча ёшидаги кичкинтойлардан тортиб соқоли кўксига тушган нуронийларгача китоб ўқиш ва сотиб олиш учун кела бошлади.
Бу маскан нафақат чортоқликлар учун, балки бутун Наманган вилоятидаги китобга қизиқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, маънавий оламини бойитишга хизмат қиладиган гавжум жойга айланишига шубҳа йўқ. Чунки кутубхона ҳамда китоб дўкони ишга тушиши биланоқ саккиз киши янги иш ўрнига эга бўлди. Улар бу ерга келувчиларга сифатли хизмат кўрсатиб, халқнинг севимли масканига айланишига муносиб ҳисса қўша бошлади.
Маҳобатли кутубхона ҳамда китоб дўконини кўздан кечирар эканман, қани эди бошқа айрим вилоятлардаги тадбиркорлар ҳам маънавият ва маърифат фидойиси ака-ука Ғозиевлардан ўрнак олиб, кутубхона ва китоб дўконидек маърифат зиёсини тарқатадиган гўзал биноларни қўришга киришсалар эди, деган фикр кўнгилдан ўтди.
Жовли Хушбоқов,
ЎзА мухбири