Қизилсойда аҳоли учун янги қулайликлар қилинди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Юқори Чирчиқ туманининг Қизилсой маҳалласида аҳоли учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида туман ҳокими Ускенбай Атемов, масъул давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда аҳоли учун замонавий ижтимоий инфратузилмани яратиш, ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши учун муносиб шароитлар қилишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилаётганини таъкидлади.

Дастлаб Қизилсой маҳалласида барпо этилган 120 ўринли 18-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти очилиш маросими ўтказилди. Инвестиция дастури доирасида 4,4 миллиард сўм маблағ эвазига қурилган мазкур муассаса замонавий талаблар асосида барпо этилган. Боғчада тарбияланувчилар учун барча зарур шароитлар яратилган. Барча хоналарга санитария меъёрлари асосида, таълим жараёнини самарали ташкил этиш учун замонавий жиҳозлар ўрнатилган. Шунингдек, болаларнинг жисмоний ва маънавий камолоти учун спорт ва ўйин майдончалари, ёзги айвончалар барпо этилган.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Юқори Чирчиқ туманида жами 107 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритяпти. Шундан 17 таси давлат, 5 таси давлат-хусусий шерикчилик асосидаги, 18 таси хусусий ва 67 таси оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидир. Ҳудуддаги 12 минг нафар боланинг 82,3 фоизи боғчага қамраб олинган.

Шундан сўнг маҳалла аҳли учун яна бир муҳим ижтимоий объект — замонавий ёпиқ турдаги спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 1,5 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган мазкур иншоот маҳалла аҳолисининг фаоллиги ва ташаббускорлиги натижасидир. Спорт мажмуаси таркибида ўлчами 40х20 метр бўлган сунъий қопламали ёпиқ футбол майдони ҳамда 19х8 метрли замонавий волейбол майдони ташкил этилган. Янги мажмуа маҳалладаги 700 нафардан ортиқ ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, бўш вақтини мазмунли ташкил этиши, иқтидорини ривожлантириши ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Юқори Чирчиқ туманида аҳоли турмуш сифатини юксалтириш, таълим ва спорт инфратузилмасини янада ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. Қизилсой маҳалласида янги мактабгача таълим ташкилоти ва спорт мажмуасининг ишга туширилиши ҳам ана шу эзгу мақсадлар йўлидаги амалий ишлардан яна бири бўлди.

А.Мусаев,ЎзА.