Ёшлар эртанги кунимиз эгаларидир
Замонавий дунёда тараққиёт мезони энди фақат табиий ресурслар ёки иқтисодий салоҳият билан эмас, балки илм-фан, инновациялар ва билимли инсон капитали билан баҳоланмоқда. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, улар учун замонавий таълим ва илм-фан имкониятларини кенгайтириш, иқтидорини рўёбга чиқаришга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Бугун амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам юртимиз келажагини билимли, ташаббускор ва рақобатбардош ёшлар қўли билан барпо этишдан иборат.
Президентимиз томонидан Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда таъкидланганидек, эндиликда давлатлар ҳудуди ёки табиий бойликлари билан эмас, билими, технологияси ва инсон капитали билан рақобатлашади.
Сўнгги йилларда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, университетларнинг илмий салоҳиятини ошириш, ёш олимларни рағбатлантириш, хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш, илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини бера бошлади. Бугун юртимизда илмий изланишлар олиб бораётган, халқаро олимпиадалар ва конференцияларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган, инновацион ғоялари билан иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшаётган ёшлар сони тобора ортиб бормоқда.
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг катта ўқитувчиси, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Ҳаёт Истамов ҳам ана шундай ёшлардан биридир.

Ҳаёт Истамовнинг илмга бўлган қизиқиши мактаб йилларидаёқ шаклланган. У 2014 йилда кимё фанидан ўтказилган олимпиаданинг вилоят босқичида биринчи ўринни қўлга киритиб, ўз иқтидорини намоён этди. Орадан бир йил ўтгач, Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Будущее большой химии” II халқаро олимпиадаси ғолиби бўлди. Кейинчалик Россия Федерациясининг Қозон миллий тадқиқот технологиялар университетида пластмасса ва композицион материаллар технологияси йўналишида таҳсил олди. Хорижда орттирилган билим ва тажриба унинг илмий салоҳиятини янада бойитди. Ўзбекистонга қайтгач эса Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида магистратурани муваффақиятли тамомлаб, ўз илмий фаолиятини бошлади.
Унинг “Синтетик полимерлар асосида биопарчаланувчи композицион материалларнинг олиниши ва тадқиқоти” мавзусидаги илмий иши бугунги кунда жаҳонда тобора долзарб аҳамият касб этаётган экологик хавфсизлик ва “яшил иқтисодиёт” тамойилларига ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир. Бу тадқиқот нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам саноатда экологик тоза материаллардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Ана шу изланишлари самарасида у техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига сазовор бўлди.
Унинг ютуқлари фақат шу билан чекланиб қолмади. Ҳаёт Истамов Бутунроссия талабалар олимпиадаси совриндори, Россия Федерацияси Президенти ва Ҳукумати стипендиялари, Татаристон Республикаси давлат стипендияси соҳиби бўлган. Шунингдек, XIX Бутунжаҳон ёшлар ва талабалар фестивали, “Lomonosov” халқаро конференцияси, “Unilever Chain Reaction”, “Chain Reaction Hack”, “SIBUR” ҳамда “P&G Unsolvable Quest” каби нуфузли халқаро форум ва танловларда иштирок этди.
Бугунги кунда у нафақат олим, балки ёшларга йўл кўрсатувчи устоз сифатида ҳам самарали фаолият юритмоқда. Университетда иқтидорли талабалар билан мунтазам ишлаб, уларнинг илмий конференциялар ва танловларда иштирок этишларига кўмаклашмоқда.
Унинг 30 дан ортиқ илмий мақолалари, ўқув-услубий ишлари чоп этилган, электрон ҳисоблаш машиналари учун бир қатор дастурий маҳсулотларга муаллифлик гувоҳномалари олинган. TOEFL iBT имтиҳонидан С1 даражасидаги сертификатни қўлга киритгани эса унинг халқаро илмий ҳамкорлик имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
– “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланганим мен учун катта шараф ва юксак масъулиятдир. Бу эътироф, энг аввало, мамлакатимизда илмга интилувчан, ташаббускор ва иқтидорли ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар ҳамда уларга бўлган юксак ишончнинг амалий ифодасидир. Бу ишончни янада катта натижалар билан оқлашга ҳаракат қиламан, – дейди Ҳаёт Истамов.
Бугунги кунда Ҳаёт Истамов каби минглаб ёшлар илм-фан, инновация ва замонавий технологиялар соҳасида изланишлар олиб бормоқда. Улар янги ихтиролар, амалий ишланмалар ва илмий ғоялари билан мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, мамлакат келажаги унинг табиий бойликлари билан эмас, билимли инсонлари билан белгиланади. Президентимиз таъкидлаганидек, билимлар иқтисодиёти даврида энг катта бойлик илмли ва ташаббускор ёшлардир. Ҳаёт Истамовнинг ҳаёт йўли бугунги ёшлар учун ибрат мактаби, Янги Ўзбекистон ислоҳотлари самарасининг амалий ифодаси ва инсон капиталига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири