1-синфга қабул: Бир нечта мактабга ариза бериш мумкинми?
2026–2027 ўқув йили учун 1-синфга қабул жараёнлари 20 июндан бошланади. Шу муносабат билан ота-оналарни қизиқтираётган энг муҳим саволларга расмий жавоб берилди.
Ота-оналар фарзандини биринчи синфга жойлаштириш учун бир вақтнинг ўзида бир нечта мактабга ариза топшириши мумкинми?
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, амалдаги тартибга кўра, бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан ортиқ мактабга ариза юбориш имконияти мавжуд эмас.
Жорий йил 20 июндан 31 июлгача бола яшаш манзилига бириктирилган микроҳудуддаги битта мактабга ариза топшириш мумкин. 1 августдан 31 августгача — микроҳудуддан ташқарида жойлашган иккинчи мактабга ариза юбориш имконияти яратилади.
Хорижий фуқаролар фарзандларини мактабга қандай жойлаштириши мумкин?
Ўзбекистонда вақтинча ёки доимий яшаб турган хорижий давлат фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар фарзандларини 1-синфга қабул қилиш учун электрон тарзда мурожаат қилиши мумкин.
Бунинг учун my.maktab.uz платформаси орқали ёки my.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фарзандларини Ўзбекистон Республикасининг умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш” хизмати орқали ариза юборилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 2026–2027 ўқув йили учун 1-синфга қабул жараёнлари 20 июнь куни расман старт олади. Ота-оналарга ҳужжатларни олдиндан тайёрлаб қўйиш тавсия этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА