Замонавий боғча қад ростлади
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Сирдарё туманининг Пахтакор маҳалласи аҳли учун яна бир қувончли воқеа рўй берди. Маҳаллада 150 нафар болага мўлжалланган замонавий давлат мактабгача таълим ташкилоти тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди. Янги мактабгача таълим ташкилотини қуриш ва замонавий жиҳозлаш ишларига 4 миллиард 600 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Натижада болажонларнинг ҳар томонлама камол топиши учун барча зарур шарт-шароитларга эга, замонавий ва шинам таълим маскани барпо этилди.

Тантанали очилиш маросимида Сирдарё тумани ҳокими Азизбек Турдимуродов иштирок этиб, мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, фарзандларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган давлат сиёсати изчил амалга оширилаётганини таъкидлади. Шунингдек, янги боғча болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши билан бирга, ота-оналар учун ҳам катта қулайлик яратишини қайд этди.

Муассасада болаларнинг ёши ва қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда жиҳозланган кенг ва ёруғ гуруҳ хоналари, мусиқа ва жисмоний тарбия заллари, тиббиёт хонаси, ошхона ҳамда замонавий ўқув-анжомлари билан таъминланган кўплаб хоналар мавжуд. Ҳудудда болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши ва жисмоний ривожланиши учун замонавий ўйин майдончалари ҳамда яшил ҳудудлар ташкил этилган.

Меҳнат фахрийси Бахтиёр Кенжаевнинг таъкидлашича, янги муассасанинг Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилиши маҳалла аҳли учун катта туҳфа бўлди.
— Бугун фарзандларимиз ва набираларимиз учун яратилган шароитларни кўриб, беқиёс қувончни ҳис қиляпмиз. Замонавий боғчада болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, соғлом ва баркамол вояга етиши учун барча имкониятлар мавжуд. Энг муҳими, бу ерда меҳнат қилаётган тарбиячилар ўз касбини пухта эгаллаган, болалар тарбиясига масъулият билан ёндашадиган мутахассислардир. Бу каби ғамхўрлик ва эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз, — деди меҳнат фахрийси Бахтиёр Кенжаев.

Янги боғчанинг фойдаланишга топширилиши маҳаллада мактабгача таълим қамровини янада кенгайтириш, болалар учун замонавий таълим муҳитини яратиш ва ота-оналарга қўшимча қулайликлар яратиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА