Ички йўллар равон бўлди
Сирдарё вилоятинингГулистон туманидаги “Бирлашган” маҳалласида умумий узунлиги 6,5 километр бўлган 8 та ички кўча қарийб 3 миллиард сўм маблағ ҳисобидан асфальт қилинди.
Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди.
Ушбу лойиҳа доирасида Гулистон туманининг оғир тоифадаги маҳаллаларидан бири ҳисобланган “Бирлашган” маҳалласида транспорт инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш ҳамда ички йўллар ҳолатини тубдан яхшилашга қаратилган ишлар бажарилди. Натижада маҳалланинг 8 та ички кўчаси замонавий асфальт қопламаси билан таъминланди.

Янгиланган йўллар аҳолининг хавфсиз ва қулай ҳаракатланишини таъминлаш, транспорт қатновини енгиллаштириш, тез тиббий ёрдам, ёнғин-қутқарув ҳамда коммунал хизматларнинг манзилга тезкор етиб бориши учун зарур шароит яратди. Шунингдек, ёмғирли кунлардаги лой, ёз фаслидаги чанг каби ноқулайликлар бартараф этилди.

“Бирлашган” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фахриддин Алимқуловнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа маҳаллада кўп йиллар давомида аҳолини қийнаб келган муаммони ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этди.
— Илгари ёғингарчилик кунлари ички кўчалардан юриш анча мушкул эди. Энди эса асфальт қопламаси ётқизилиб, йилнинг барча фаслларида эркин ва хавфсиз ҳаракатланиш имконияти яратилди. Бу маҳалламизнинг янада обод бўлиши ва аҳолига муносиб турмуш шароитини таъминлашга хизмат қилмоқда, — дейди у.
Маҳалла аҳолиси ҳам амалга оширилган ишлардан мамнун. Уларнинг таъкидлашича, янги йўллар нафақат транспорт ҳаракатини енгиллаштирди, балки фарзандларнинг мактабга, фуқароларнинг иш жойлари ва бошқа манзилларга хавфсиз қатнаб келишлари учун ҳам қулайлик яратди.

Энг муҳими, Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилган мазкур қурилиш ва бунёдкорлик ишлари аҳоли турмуш сифатини юксалтириш, маҳаллалар инфратузилмасини янада такомиллаштириш ҳамда ҳудудларни барқарор ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий самараси бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА