Заковатда энг билимдон маҳаллалар аниқланди
Оқолтин туманида аҳолининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ёшлар ва кенг жамоатчилик ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштириш, шунингдек, маҳаллалар ўртасида соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган "Заковат" интеллектуал ўйинининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур интеллектуал беллашувда тумандаги 11 та маҳалладан шакллантирилган 11 та жамоа иштирок этиб, турли мавзуларни қамраб олган саволлар орқали ўз билим савияси, тезкор фикрлаш қобилияти ва жамоавий ҳамжиҳатлигини намоён этди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар давомида иштирокчилар нафақат ўз билимларини синовдан ўтказди, балки ўзаро тажриба алмашиб, интеллектуал муҳитнинг янада бойишига муносиб ҳисса қўшди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур интеллектуал танлов аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида билимга интилишни рағбатлантириш, китобхонликка қизиқишни ошириш, мантиқий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда маҳаллаларда маънавий-маърифий муҳитни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.

Беллашув якунларига кўра, иштирокчиларнинг билим савияси, мантиқий фикрлаши ва жамоавий ҳамжиҳатлиги асосида энг кучли жамоалар аниқланди. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, 1-ўринни "Аҳиллик" маҳалласи жамоаси қўлга киритди. 2-ўринга "Мустақиллик" маҳалласи жамоаси, 3-ўринга эса "Янги ҳаёт" маҳалласи жамоаси сазовор бўлди.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндор жамоалар тантанали равишда тақдирланиб, Маҳалла уюшмасининг Оқолтин туман бўлими томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан мукофотланди.
Ғулом Примов, ЎзА