Ёшлар қалбига йўл китобдан бошланади
Адабиётга меҳр китобдан, маърифатга интилиш эса устозлар сабоғи ва ҳаётий мулоқотдан бошланади. Таниқли ижодкорлар билан юзма-юз суҳбатлашиш, уларнинг ҳаёт ва ижод тажрибасидан баҳраманд бўлиш ёшлар учун нафақат маънавий озуқа, балки янги изланишларга рағбат ҳамдир. Ана шу мақсадда «Маърифат улашиб» лойиҳаси доирасида Гулистон давлат университетида ижодий учрашув ташкил этилди.
Унда педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев, Ўзбекистон халқ шоираси Хосият Бобомуродова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи ва драматург Абдуқаюм Йўлдошевлар иштирок этишиб, университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар билан адабиёт, ижод ва маърифат хусусида фикр алмашди.

Учрашув аввалида университетнинг Ёшлар ишлари ва маънавий-маърифий масалалар бўйича биринчи проректори Қозим Қудратов ҳамда профессор Равшанбек Маҳмудовлр сўзга чиқишиб, адабиётнинг инсон маънавий камолотидаги ўрни, ижод аҳлининг жамият ҳаётидаги масъулияти, китоб мутолаасининг аҳамияти, шунингдек, «Маърифат улашиб» лойиҳасининг ёшлар маънавий тарбияси ва дунёқарашини шакллантиришдаги ўрни хусусида фикр билдиришди.

Самимий ва эркин мулоқот давомида таниқли ижодкорлар ҳаёт ва ижод йўли, ижодий изланишлари ҳамда йиллар давомида орттирган тажрибалари билан ўртоқлашди. Қалам тебратишга қизиқувчи ёшларга ижод сирлари, бадиий асар устида ишлаш, мутолаа ва изланишнинг аҳамияти хусусида қимматли тавсиялар берилди. Шунингдек, илм-маърифатнинг инсон дунёқараши ва тафаккурини бойитиш, мустақил фикрлаш қобилиятини шакллантиришдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.


— Университетда талаба-ёшлар ва таниқли ижодкорлар ўртасида «Маърифат улашиб» лойиҳаси доирасида бундай учрашувларнинг ташкил этилиши катта аҳамиятга эга. Ижодкорлар билан бевосита мулоқот ёшларнинг адабиётга қизиқишини ошириш, китобхонлик маданиятини шакллантириш ва маънавий дунёсини бойитишга хизмат қилади. Айниқса, ижодкорларнинг ҳаётий тажрибаси, ижодий изланишлари ва ҳаёт ҳақидаги мушоҳадалари ёшлар учун катта сабоқ мактабидир. Бундай учрашувлар уларни кўпроқ китоб ўқишга, мустақил фикрлашга ва ўз устида ишлашга ундайди, — дейди профессор Равшанбек Маҳмудов.
Мулоқот жараёнида профессор-ўқитувчилар ва талабалар ҳам ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, ижодкорлар билан фикр алмашди. Адабиётнинг тарбиявий аҳамияти, асарларда инсон қадри, Ватанга муҳаббат, эзгулик ва ҳаётий қадриятлар ифодаси юзасидан мулоҳазалар билдирилди. Учрашувнинг бадиий қисмида ижодкорлар ва иқтидорли талабалар томонидан шеърлар ўқилиб, иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашилди.

Лойиҳа доирасидаги маърифий учрашувлар Гулистон давлат педагогика институти ҳамда Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиалида ҳам давом этди. Шунингдек, филиал ташаббуси билан Янгиер шаҳридаги 9-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари учун ҳам таниқли ижодкорлар иштирокида ижодий мулоқот ташкил этилди.

Эътиборлиси, лойиҳанинг олий таълим муассасалари талабалари билан бир қаторда умумтаълим мактаблари ўқувчиларини ҳам қамраб олаётгани унинг маърифий аҳамияти ва таъсир доирасини янада кенгайтирмоқда. Бундай учрашувлар ёшларни адабиёт оламига яқинлаштириш, китоб мутолаасига меҳр уйғотиш, ижодий қобилият ва мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Энг муҳими, китобга меҳр, адабиётга ҳурмат ва маърифатга интилиш инсон қалбида ёшликдан илдиз отади. Ижодкорлар билан юзма-юз мулоқот эса бу интилишни янада мустаҳкамлаб, ёш авлодни эзгу мақсадлар ва янги ижодий изланишлар сари руҳлантиради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири