Таништирув семинари ўтказилди
Бугунги кунда мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни қонуний асосда ривожлантириш, контрабанда ва коррупцияга қарши курашиш, давлатнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишда божхона органлари зиммасига катта масъулият юкланган. Бу вазифаларни самарали бажариш эса, энг аввало, билимли, ҳалол, ватанпарвар ва юксак касбий салоҳиятга эга кадрларга боғлиқ.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатда давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, ҳар бир соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупциядан холи, халқ ва давлат манфаатларига садоқат билан хизмат қиладиган кадрлар корпусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда божхона тизими учун муносиб кадрларни танлаш, уларнинг касбий билими ва маънавий фазилатларини юксалтириш муҳим аҳамият касб этади.
Ана шу мақсадда Бухоро вилояти божхона бошқармасида божхона органларида хизмат қилиш истагида бўлган номзодлар учун “Божхона хизмати: касб, масъулият ва шараф” мавзусида таништирув семинари ташкил этилди.
Тадбирда иштирокчиларга божхона органларининг асосий вазифалари, фаолият йўналишлари, мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлашдаги ўрни, ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш борасидаги масъулияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Шунингдек, номзодлар божхона органларига хизматга қабул қилиш тартиби, белгиланган талаблар, ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хизмат вазифалари, касбий ривожланиш ҳамда лавозим пиллапояларидан кўтарилиш имкониятлари билан таништирилди.
Семинарда бўлажак божхона ходимларининг касбий билимларини шакллантириш билан бир қаторда, уларнинг маънавий-ахлоқий қиёфаси, фуқаролик позицияси ва хизматга бўлган муносабатига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, қонун талабларига қатъий амал қилиш, хизмат интизомини сақлаш, шахсий манфаатларни давлат ва халқ манфаатларидан устун қўймаслик ҳар бир божхона ходими учун устувор мезон бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Зеро, божхона хизмати фақат касбий билим ва амалий кўникмалар билан чекланмайди. Бу соҳа ходимдан ҳар қандай вазиятда қонунийликка содиқ қолишни, масъулиятли қарор қабул қилишни, юрт манфаатларини шахсий манфаатларидан устун қўйишни талаб этади. Шу маънода, ҳалоллик, виждонлилик, фидойилик ва ватанпарварлик божхона ходими фаолиятининг энг муҳим мезонларидир.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган семинар давомида номзодлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, соҳа мутахассисларидан батафсил жавоблар олдилар. Хизматга қабул қилиш жараёни, касбий талаблар ва келгусидаги фаолият билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидлаш жоизки, бундай учрашувлар ёшлар ва соҳада хизмат қилиш истагидаги фуқароларга божхона тизими ҳақида аниқ тасаввур бериш билан бирга, уларнинг касб танлашдаги масъулиятини ҳам оширади. Энг муҳими, давлат хизматига шунчаки иш ўрни эмас, балки Ватан ва халқ олдидаги юксак бурч сифатида қараш туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зеро, чегаралар дахлсизлиги, иқтисодий хавфсизлик ва миллий манфаатлар ҳимояси ишончли кадрлардан бошланади. Божхона хизматига муносиб номзодларни тайёрлаш эса ана шу ишончли тизимнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири