Давлат байроғи — миллий бирлик ва ифтихор тимсоли
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остидаги байроқ эстафетаси Сирдарё вилоятига етиб келди. Куни кеча Жиззах вилоятидан Оқолтин туманига олиб келинган Давлат байроғини туман ҳокими Ҳусниддин Сувонов ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Муроджон Ҳайитовлар қабул қилиб олишди.
Тантанали маросимда нуронийлар, ёшлар, спортчилар, ҳарбий хизматчилар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Эстафета муносабати билан Сирдарё вилоятида байрам тадбирлари кенг кўламда ташкил этилмоқда. Бугун, 16 ноябрь куни Гулистон шаҳрида Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллигига бағишланган тантанали юриш марафони, концерт дастури ва қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, уларда қарийб 5 минг нафар юртдошимиз иштирок этмоқда.


Шунингдек, барча корхона ва ташкилотларда Давлат мадҳияси садолари остида Давлат байроғини кўтариш маросимлари бўлиб ўтиб, соат 09:00 дан 11:00 га қадар вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари марказларида ҳокимлар бошчилигида оммавий юриш марафонлари ҳамда байрам концерт дастурлари ташкил этилди.


— Байрам муносабати билан вилоятнинг барча ҳудудларида кенг қамровли тадбирлар ўтказилади. Уларнинг асосий мақсади ёшлар ва кенг жамоатчилик ўртасида давлат рамзларига ҳурмат, Ватанга садоқат ва миллий ифтихор туйғуларини янада мустаҳкамлашдан иборат, — деди Муроджон Ҳайитов.


Сирдарёдаги тадбирлардан сўнг байроқ эстафетаси Ширин шаҳри орқали Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрига тантанали равишда топширилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири