Ёшлар фикри эшитилди
Самарқандда “Voice up” (фикрингни бер) инклюзив ёшлар оромгоҳининг вилоят босқичи ўтказилди.
Ёшларнинг, жумладан, имконияти чекланганларни жамиятга интеграция қилиш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва тенг имкониятлар яратишга қаратилган мазкур лойиҳада 50 нафар ўғил-қизлар қатнашди.
– “VoiceUp – 2026” инклюзив оромгоҳи нафақат дам олиш, балки таълимий ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлган комплекс дастур ҳисобланади, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси шўъба мудири Низомиддин Одилов. – Бу ёшларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини оширди. Лойиҳа доирасида яратилган имкониятлар иштирокчиларнинг келгусида жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
[gallery-28652]
Икки кунлик оромгоҳда иштирокчилар учун маънавий-маърифий тадбирлар ва давра суҳбатлари, психологик ва мотивацион тренинглар, лидерлик ва жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантириш машғулотлари, интерактив семинарлар ва мастер-класслар, ижтимоий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва тақдим этиш каби дастурлар уюштирилди. Шунингдек, ёшлар Самарқанд шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти билан танишди, марказ қошидаги касб-ҳунар тўгаракларидаги жараёнларни кузатди.
Тадбир доирасида вилоятдаги мактаб-интернатлар ўқувчилари томонидан қўл меҳнати асосида тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилди. Намойиш этилган сопол буюмлар, кашта, турли хил ўйинчоқлар ва суратлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– Мактаб-интернатимизда ўқувчиларни қўл меҳнати асосида турли буюмлар ясашга ўргатамиз, – дейди Самарқанд шаҳридаги 62-махсус мактаб-интернати технология фани ўқитувчиси Лобар Юсупова. – Ўқувчиларни келажакда бирор касб эгаси бўлишига ёрдам берамиз. Шу билан бирга ўқувчиларимиз дарслардан бўш вақтларида буюртма асосида чойшаб ва дастурхонлар тайёрлаяпти.
Тадбир якунида фаол ва ташаббускор, ижтимоий лойиҳаларга эга ёшлар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди ва тадбирнинг мамлакат босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари