“Бойсун баҳори”га ҳаво шарлари фестивали ўзгача зийнат улашди
Бойсун туманида бўлиб ўтаётган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалининг иккинчи куни ҳаво шарлари томошаси билан бошланди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тадбирда 35 та ранг-баранг ҳаво шари Бойсун узра кўкка кўтарилди. Осмонўпар тоғлар қўйнидаги жозибадор Бойсуннинг мухлислари ҳаво шарларида кўҳна туманни мириқиб томоша қилди. Она табиатнинг гўзал манзараларидан завқу шавқ туйди. Туман маркази ва маҳаллаларда юз очаётган ўзгаришларни кузатди.

Қадимги лапар ва наволаримиз, нафис этномаданиятимиз кенг тарғиб қилинаётган Бойсунни янги босқичда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтмишдан бахши-шоиру, этномаданият ижодкорларининг илҳом манбаи бўлган туман фақат маданий гўша эмас, балки халқаро туризм ва креатив иқтисодиёт марказига айланади. Экотуризм ва этнотуризм янада ривожлантирилади. Миллий ҳунармандлик ва миллий санъат иқтисодий қийматга айланади. Замонавий инфратузилма янги босқичда юксалади.

Бугун Бибиширин маҳалласидаги туризм мажмуасида мамлакатимиз ҳамда дунёнинг турли давлатларидан ташриф буюрган фольклор жамоалари иштирокида халқаро кўрик-танловга старт берилади. Шунингдек, тадбир доирасида миллий ҳунармандлик санъати кўргазмалари ташкил этилиб, ҳунармандлар намуналари, варраклар, ўтовлар ва гулхан атрофидаги кичик фестиваллар, миллий таомлар кўргазмаси, халқ ўйинлари намойишлари, дорбозлар чиқишлари ўтказилади. Бундан ташқари, бойсунлик Ўзбекистон халқ шоир ва ёзувчилари билан ижодий учрашувлар ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.

Фестивалга узоқ-яқиндан ташриф буюрган меҳмонлар ва сайёҳлар халқаро кўрик-танловда иштирок этаётган мамлакатимиз фольклор жамоаларининг гала-концертини томоша қилиш имконига эга бўлади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА