“Қамбарота ГЭС-1” лойиҳаси юзасидан галдаги музокаралар ўтказилди
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси Энергетика вазирликлари ўртасида ўртасида “Қамбарота ГЭС-1” лойиҳасини амалга оширишга доир ҳукуматлараро битим юзасидан галдаги музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.
Учрашувда икки давлатнинг мутасадди идоралари ва соҳавий ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Жаҳон банки делегацияси ҳам кузатувчи сифатида қатнашиб, лойиҳада халқаро молиявий ҳамкор сифатидаги иштирокини яна бир бор тасдиқлади.
Таъкидланганидек, мазкур лойиҳа Марказий Осиёда сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, шунингдек, энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган стратегик ташаббус саналади.
Режага кўра, Қирғиз Республикаси ҳудудида жойлашган Норин дарёсида қуввати 1880 МВт бўлган замонавий гидроэлектр станцияси барпо этилади. Бу эса нафақат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки бутун минтақанинг энергетика барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида минтақа давлатлари учун энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш, “яшил” энергия манбалари улушини кенгайтириш ҳамда экологик барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш имкониятлари ортади.
Музокаралар якунида томонлар ҳукуматлараро келишувни келишиш жараёнини фаол давом эттириш ва лойиҳани амалий босқичга олиб чиқиш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА