Ёшлар етакчилари билан очиқ мулоқот
Маълумки, республикамиз бўйлаб “Ёшлар куни” доирасида ўтказилаётган тадбирлар ёшлар билан очиқ мулоқотни кучайтириш, уларни ташвишлантираётган масалаларни ўрганиш ва таклифларини тинглашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу муносабат билан пойтахтимизда Шайхонтоҳур тумани ҳокими Бобир Абубакиров бошчилигида масъул мутасаддилар иштирокида маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ёшлар етакчилари билан учрашув ташкил этилди.

Учрашувда ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилди.
Ёшлар етакчилари ўз фаолияти давомида эришилган натижалар, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, савол-жавоблар ташкил этилиб, уларни қизиқтирган масалалар юзасидан атрофлича муҳокамалар олиб борилди.

Тадбир якунида ёшлар билан ишлашда фаол иштирок этиб келаётган бир гуруҳ ёшлар етакчиларига эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, Учтепа тумани маҳаллаларидаги ёшлар етакчиларига услубий кўмак кўрсатилди. Ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, ёшлар етакчилари фаолиятини тизимли ривожлантириш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Хусусан, туманнинг Тақачи, Чаманзор, Хуросон, Зулфизар, Янги йўл маҳаллалари ёшлар етакчиларининг фаолияти чуқур ва атрофлича таҳлил қилинди.
Таҳлил якунларига кўра, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, лойиҳалар доирасида қамровни кенгайтириш ҳамда фаолият самарадорлигини кескин ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди. Амалий ва услубий кўмаклар кўрсатилиб, келгусидаги ишлар бўйича манзилли тавсиялар берилди.
Гулноза Бобоева,ЎзА