Бир бўлак нон ва катта савол: истеъмолчи ҳаққи ким учун?
Кечқурун ишдан қайтар эканман, ҳар доимгидек йўл-йўлакай дўконга кирдим. Рўзғор учун керакли маҳсулотлар қаторида нон ҳам олдим.
Уйга келиб дастурхонга нон қўйиш учун пакетни очдим. Бироқ кўзим тушган манзара бир зумда ҳафсаламни пир қилди. Буғдой-жавдар нони дея ном билан қадоқланган нон моғорлаб, кўкариб кетган. Шошилинчда мен ҳам бунга савдо марказини ўзида эътибор бермаганман. Инсон нонни ризқ-рўз деб билади. Уни дастурхонга ҳурмат билан қўяди. Аммо дастурхонга қўйиш учун олиб келган нонимизнинг моғорлаб қолганини кўриш ҳар қандай харидорни ранжитиши табиий.
Энг ачинарлиси, бу ҳолат биринчи марта эмас. Илгари ҳам бир неча бор сифатсиз ва истеъмолга яроқсиз маҳсулотларга дуч келганман. Бу гал эса бефарқ қолмасликка қарор қилдим. Чек, маҳсулот сурати ва бошқа далилларни сақлаб, савдо тармоғига мурожаат юбордим.
Орадан кўп вақт ўтмай машҳур компания вакиллари алоқага чиқди. Улар вазиятни ўрганишини, маҳсулот қаердан келгани ва қандай қилиб сотувга чиқиб қолганини аниқлашини маълум қилди. Албатта, бу яхши ҳолат. Чунки ҳар қандай йирик компания ўз обрўсига бефарқ бўлмаслиги керак. Бироқ, менинг саволим бошқача эди: Нега моғорлаган маҳсулот сотувга чиққан? Ахир харидор маҳсулот учун пул тўлаётганда унинг сифатига ишонади. У маҳсулотни лабораторияда текшириб олмайди, сақлаш шароитини назорат қилмайди. Бу вазифа ишлаб чиқарувчи ва сотувчи зиммасида. Харидор эса дўкон пештахтасида турган маҳсулот истеъмолга яроқли эканига ишониб сотиб олади.
Бугун бир дона нон моғорлаган бўлиши мумкин. Эртага эса бошқа озиқ-овқат маҳсулоти. Агар бу каби ҳолатларга кўз юмилса, муаммо яна такрорланаверади. Шунинг учун ҳар бир истеъмолчининг мурожаати муҳим. Бу фақат бир инсоннинг ҳаққи учун курашиш эмас, балки барча харидорларнинг хавфсизлиги учун ҳам хизмат қилади.
Қонунчиликка кўра, истеъмолчи сифатсиз маҳсулот учун пул маблағини қайтаришни, маҳсулотни алмаштиришни ва айрим ҳолларда етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Аммо гап фақат бир неча минг сўмлик нон ҳақида эмас. Гап ишонч ҳақида кетмоқда. Истеъмолчи дўконга кирганда у ердаги маҳсулотлар хавфсиз ва сифатли эканига ишониши керак.
Мен учун бу воқеа бир бўлак нондан бошланди. Аммо у каттароқ саволни юзага чиқарди: бугун харидор ҳақиқатан ҳам қадрланяптими? Истеъмолчи мурожаати фақат расмий жавоб билан якунланадими ёки бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун аниқ чоралар кўриладими?
Нон — истеъмол маҳсулоти. Унинг ортида инсон саломатлиги, ҳуқуқи ва ишончи турибди. Ана шу ишончни сақлаш эса ҳар қандай савдо тармоғининг энг муҳим вазифаси бўлиб қолиши керак. Бўлмаса, моғорлаган бир бўлак нон нафақат дастурхонни, балки истеъмолчининг ишончини ҳам емиради.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА