Қадриятлар ва тараққиёт уйғунлашган маскан
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилояти Нурота тумани марказида жойлашган “Миришкор” маҳалла фуқаролар йиғини ўзининг бой тарихи, аҳил аҳолиси ва обод муҳити билан ажралиб туради. 1970 йилда ташкил этилган маҳаллада бугунги кунда 524 та хонадонда қарийб 3 минг нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.
Маҳаллада турли миллат вакиллари ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитида яшаб, юрт тараққиёти ва фаровонлиги йўлида меҳнат қилмоқда. Ана шу аҳиллик ва бағрикенглик маҳалланинг энг муҳим қадриятларидан бири саналади.
Сўнгги йилларда аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллада қатор ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилди. Савдо шохобчалари, маиший хизмат кўрсатиш масканлари, тикувчилик цехлари, умумий овқатланиш объектлари ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари аҳоли бандлигини таъминлаш ва маҳалла иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
[gallery-30023]
Маҳаллада қишлоқ хўжалиги ҳам изчил ривожланмоқда. Хусусан, “Нур томорқа” масъулияти чекланган жамияти томонидан етиштирилаётган маҳсулотлар ички бозорни таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, асаларичилик ҳам аҳоли учун даромад манбаларидан бирига айланган. Бу йўналишда фаолият юритаётган бир қатор оилалар самарали меҳнат қилиб, юқори натижаларга эришмоқда.
Қадимий қадриятлар ва замонавий тараққиёт уйғунлашган Миришкор маҳалласидаги ободлик, осойишталик ва ҳамжиҳатлик юртдошларимиз учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА