Ёшлар билан ким ишлаяпти?
Самарқандлик ёшларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида йил бошида ўтказилган хатловда 9621 нафар ишсиз йигит-қизлар аниқланиб, 578 нафар раҳбарга номма-ном бириктирилганди.
Бу тизим ўз самарасини бериб, шу пайтгача рўйхатга олинган ёшлар доимий ишга жойлаштирилди, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун кредит ажратилди. Яна бир қанчасига ижарага ер берилиб, доимий даромад манбаига эга бўлиши таъминланди.
Тойлоқлик Сирожиддин Жалолиддинов ёшларга берилаётган имкониятлардан руҳланиб, уч йил аввал маҳалла еттилиги тавсияси билан ижарага ер олганди. Иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлса-да, у нафақага қараб қолмай, меҳнат қилиб даромад топиш мақсадида Ўрта қишлоқ маҳалласида кенг оммалашаётган малина етиштириш билан шуғулланди.
– Аввал қулупнай экиб кўрдим, лекин унинг меҳнати оғирлик қилгани учун кейин малина етиштиришга қарор қилдим, – дейди Сирожиддин Жалолиддинов. – Чунки маҳалламизда кўп хонадонларда бу экин тури парваришланиб, одамлар яхши даромад қилаётганди. Улардан қайси нав серҳосил бўлиши, қандай парваришлаш кераклигини сўраб-суриштирдим, тажрибаларини ўргандим. Шу асосида хорижий навларни экиб, бир йилнинг ичида яхшигина даромад қилдим. Ҳозир биз парваришлаётган нав хориждан келтирилган бўлиб, бизнинг шароитда гектарига 30 тонна ҳосил олса ва 1 миллиард сўм даромад қилса бўлади. Бизнинг даромадимиз ҳозирча жуда катта бўлмаса-да бемалол рўзғор тебратиш, орзу-ҳавасларга эришиш мумкин.
Аслида, ишсиз ёшларни доимий ишга жойлаштириш, уларга касб-ҳунар ўргатиш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришдан мақсад йигит-қизларнинг ўз йўлини топиши, келажаги учун ўзи ҳаракат қилишига имкониятдир.

– Бугун ёшлар бандлигини таъминлаш мавжуд иш ўринларига жойлаштириш эмас, балки уларга замонавий билим ва касбларни ўргатиш, хорижий тилларни эгаллаши учун имконият яратиш ва олган билимини даромад манбаига айлантиришига кўмаклашишдан иборат, – дейди ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Шерзод Раҳмонов. – Шу мақсадда ёшларнинг қизиқиши ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, улар республика миқёсидаги мега-лойиҳаларга жалб қилинмоқда. Хусусан, йил бошидан буён вилоятимизда “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси бўйича 255 минг нафардан ортиқ ёш 23 та хорижий тилни ўрганишга, “Ustoz AI” орқали 42 минг нафар ёш замонавий касблар ва сунъий интеллект йўналишларига қамраб олинди. Шунингдек, “Қизлар академияси”да 58 минг нафардан ортиқ хотин-қиз, “UzChess” лойиҳасида 31 минг нафардан ортиқ ёш, “Мутолаа” лойиҳасида 175 минг нафар ёш иштирок этмоқда. Бунда асосий эътибор ёшларни лойиҳаларга жалб қилишнинг ўзига эмас, балки олган билимини аниқ натижага айлантиришга қаратилмоқда. Жумладан, хорижий тилларни пухта ўзлаштириб, халқаро имтиҳон тизимларида юқори натижа қайд этган ёшларни рағбатлантириш мақсадида 2021-2026 йиллар давомида 5529 нафар ёшнинг 11,2 миллиард сўмлик имтиҳон харажатлари қоплаб берилди. Биргина жорий йилда 1491 нафар ёшга 3,3 миллиард сўм компенсация тўланди.
Энг муҳими, хорижий тилни ўрганган ёшларнинг билимини кейинги босқичда тадбиркорлик ва даромад манбаига айлантириш механизми ҳам йўлга қўйилди.

“Кўмак” дастури доирасида C1 даражадаги сертификатга эга ёшлар орасидан 53 нафарига ўқув марказларини ташкил этиш ва фаолиятини ривожлантириш учун 6,8 миллиард сўм фоизсиз ссуда ажратилди. Шу тариқа, мазкур йўналишда “билим олиш – халқаро сертификатга эга бўлиш – молиявий қўллаб-қувватлаш – ўз билими орқали даромад топиш ва бошқа ёшларни ўқитиш” занжирини шакллантиришга эътибор қаратилмоқда.
Қайд этилишича, бу йил вилоятдаги олий таълим муассасаларини 24 минг нафардан ортиқ, касбий таълим муассасаларини 19 минг нафар, умумтаълим мактабларини эса 53 минг нафарга яқин ёшлар битирди. Шу пайтгача бу ёшларнинг 57 минг нафардан ортиғи бандлиги таъминланди. Айни пайтда 39 минг нафардан ортиқ битирувчининг бандлиги масаласини ҳал этиш вазифаси турибди ва йил якунига қадар уларнинг ҳар бири билан индивидуал ишлаб, доимий иш, таълим, касб-ҳунар, тадбиркорлик ва бошқа барқарор бандлик шаклларига йўналтириш талаб этилади.
– Ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, бандлик ёки бошқа масалаларда кўмаклашиш мақсадида масъул раҳбарларга бириктирилиши ўз самарасини бермоқда, – дейди Шерзод Раҳмонов. – Чунки ҳамма ота-она ёки ёшлар ҳам қаерда ишлаш, қандай машғулот билан шуғулланиш бўйича зарур маълумотга эга бўлмаслиги мумкин. Шундай пайтда уларга бириктирилган раҳбарлар ёшларга тўғри йўналиш беради, унинг бандлигини таъминлашга кўмаклашади. Масалан, бу йил муддатли ҳарбий хизматдан қайтган 2500 нафардан ортиқ ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш учун 141 нафар масъул раҳбарлар белгиланганди. Бу тизим ўз самарасини бериб, ёшларнинг 575 нафари доимий ишга жойлашди, 733 нафари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида меҳнат фаолиятини бошлади, 77 нафарига тадбиркорлик қилиши учун кредит ажратилди, 28 нафари ижарага ер майдони олди. Умуман, ҳозир ҳарбий хизматдан қайтган ёшлар билан боғлиқ масала қолмади, дейишимиз мумкин. Бундан ташқари, алоҳида ишлаш талаб этиладиган 3512 нафар ёш яна 546 нафар масъул раҳбарга номма-ном бириктирилгани натижасида бугунги кунга қадар уларнинг 3100 нафарининг муаммолари ҳал этилди.
Беш қўл баробар бўлмаганидек, ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишга мойиллари ҳам, шундай хатти-ҳаракатга қўл урганлар ҳам учрайди. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 9 ойида вилоятда ёшлар томонидан 601 та жиноят содир этилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ёшлар жиноятчилиги 285 тага камайган. Аммо битта бўлса ҳам содир этилган жиноят бир ёки бир неча ёшнинг келажагига таъсир қилиши, тақдирини савол остига қўйиши мумкин. Уларга яна ҳам кўпроқ эътибор қаратиш, назорат олиб бориш тақозо этилади. Таҳлиллар бошқа ҳудудларга нисбатан Жомбой туманида йил бошидан буён ёшлар жиноятчилиги кўпайганини кўрсатди ва натижада мазкур ҳудудда жиноят содир этиш хавфи юқори бўлган ёшлар билан маҳаллабай ва хонадонбай профилактик ишлар кучайтирилди, жиноятларни келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитларни манзилли бартараф этишга эътибор қаратилди.
Вилоят ёшлар етакчисининг таъкидлашича, маҳаллаларда ёшларнинг ўзи иштирок этадиган профилактика механизмларини кучайтириш мақсадида 160 нафар бош сардор ва 2470 нафар кўнгилли ёшдан иборат “Ёшлар фронт офислари” фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу тизим орқали ёшлар муҳитидаги салбий ҳолатларни эрта аниқлаш, тенгдошлар ўртасида тарғибот-профилактика ишларини кучайтириш ва ёшларни ижтимоий фаолликка жалб этишга эътибор қаратилмоқда.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва иқтидорини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларни спорт тўгараклари, турли мусобақалар ва интеллектуал танловларга жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йил вилоятда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 7 та танлов ва 14 та спорт мусобақаси ўтказиш белгиланган бўлиб, шу пайтгача 3 та танлов ҳамда 14 та спорт мусобақаси ташкил этилди. Мазкур беллашувларнинг республика босқичларида самарқандлик ёшлар 11 та олтин, 20 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллаб турибди. Йил якунига қадар қолган 4 та танловнинг Республика босқичларида ҳам юқори натижаларга эришиш кутилмоқда.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири