Ҳарбий хизматчилар “Маънавият қалқони” танловида беллашди
Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг Нукус гарнизонида ҳарбий хизматчилар ўртасида “Маънавият қалқони” китобхонлик танловининг округ босқичи бўлиб ўтди.
Ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва мутолаага бўлган қизиқишини оширишга қаратилган мазкур танловда ҳарбий қисмларда ўтказилган саралаш босқичларида юқори натижаларга эришган иштирокчилар ўзаро беллашди.
Танлов давомида ҳарбий хизматчилар белгиланган шартлар асосида ўз билим ва салоҳияти, адабиётга ошнолиги, тарихий ва бадиий асарлар юзасидан эгаллаган билимларини намойиш этди.
Иштирокчиларнинг мутолаа маданияти, ўқилган асарлар мазмун-моҳиятини теран англаши, мустақил ва мантиқий фикрлаш қобилиятига алоҳида эътибор қаратилди. Савол ва топшириқлар ҳарбий хизматчилардан нафақат пухта билим, балки ҳозиржавоблик, зукколик ва тезкор фикрлашни ҳам талаб этди.
Қизғин ва муросасиз кечган беллашув якунида юқори натижаларни қайд этган иштирокчилар танловнинг Мудофаа вазирлиги босқичида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
[gallery-32197]
Таъкидлаш жоизки, “Маънавият қалқони” танлови ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, маънавий дунёқарашини бойитиш, уларда китоб мутолаасига бўлган қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА