Фарғонада Халқаро адабиёт ва китобхонлик фестивали бўлиб ўтади
Бугун куннинг иккинчи ярмида Марғилон шаҳридаги "Водий гавҳари" – "Бурҳониддин Марғиноний" илмий-маърифий ва туризм мажмуасида "Адабий дўстлик – абадий дўстлик" шиори остида Халқаро адабиёт ва китобхонлик фестивали ўз ишини бошлайди.
Унда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Татаристон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Беларусь ва бошқа мамлакатлардан ёзувчи ва шоирлар, юртимизнинг таниқли адабиёт намояндалари ҳамда ТУРКСОЙ вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Тадбир доирасида мамлакатнинг йирик нашриётлари ҳамда Фарғона вилоятида фаолият юритаётган нашриётлар томонидан китоблар кўргазмалари ташкил этилади. Шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб адибнинг турк тилида нашр этилган "Сўз латофати" китобининг тақдимоти, "Адабий дўстлик – абадий дўстлик" шиори остида маҳаллий ва хорижий ижодкорларнинг талабалар билан ижодий учрашувлари режалаштирилган.
Фарғона адабиёт ва дўстлик байрами, сўз ва бадиият айёмини кутмоқда.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА