Яшил иқтисодиётга ўтишда рақамли трансформация
Бугун Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашида “Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиёти: барқарорлик ҳисоботи, бизнес стратегиялар ва менежмент трансформацияси” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Исломжон Қўчқоров яшил иқтисодиётга ўтиш бугунги кунда муқобил йўл эмас, балки заруратга айланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Бу жараён эса нафақат давлат сиёсати, балки бизнес, илмий ҳамжамият ва жамиятнинг барча қатламлари ўртасидаги самарали ҳамкорликни талаб этишини қайд этди.

Тадбир давомида яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнида рақамли трансформация, иқтисодий диверсификация, молиявий ва ҳуқуқий тизимларни такомиллаштириш, шунингдек, халқаро тажрибани жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, иқлим хавфларини баҳолаш, сунъий интеллектни ривожлантириш, энергетика соҳасида аудит тизимини такомиллаштириш, “яшил коридорлар”ни жорий этиш ва корхоналарда замонавий бошқарув тизимларини ривожлантириш каби долзарб йўналишлар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини ривожлантириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва “яшил” инновацияларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифалар сифатида қайд этилди.

Анжуманда соҳа мутахассислари муҳокама кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирди. Бугунги экологик муаммолар таъсирини юмшатиш учун зарур чораларни кўриш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА