Сайёр қабул ва самарали натижа
Бухоро вилояти Когон шаҳрида O‘zLiDeP партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди. Қабулда партия Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси вакиллари, вилоят ва шаҳар Кенгаши масъуллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳокимлик ҳамда тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.
Тадбир давомида ҳудуддаги бир қатор маҳаллалар фуқаролари томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар диққат билан тингланди. Айниқса, маҳалла фаоллари, тадбиркорлар, педагоглар, ёшлар ва нуронийларни қизиқтирган масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Фуқаролар томонидан кўтарилган ҳар бир масалага масъуллар томонидан ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан асосли жавоблар берилди.

Сайёр қабул жараёнида марказий кўчаларда транспорт ҳаракатини тартибга солиш, аҳолини табиий газ ва ичимлик суви билан барқарор таъминлаш, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун муддатли ҳарбий хизмат тўловларида енгилликлар яратиш, ёшлар тадбиркорлигини рағбатлантириш каби муҳим масалалар юзасидан ўндан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди. Уларнинг аксар қисми шу жойнинг ўзида ҳал этилди.

Жумладан, “Бобур” маҳалла фуқаролар йиғини нуронийси Ахтам ота Саъдуллаевнинг сиҳатгоҳга йўлланма ажратиш ҳақидаги мурожаати ижобий ҳал этилди. Бу эса кексаларга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий намунасидир.

Қабулда иштирок этган “Мирзо Улуғбек” маҳалласида истиқомат қилувчи Саодат ая Ҳайитова мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлардан мамнун эканини билдириб, мазкур сайёр қабулни халқпарвар сиёсатнинг ёрқин ифодаси сифатида баҳолади.

Бундай сайёр қабуллар аҳоли муаммоларини эшитиш, уларга тезкор ечим топиш, давлат органлари ва халқ ўртасидаги мулоқотни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, инсон манфаати ва халқ розилиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳаётда ўз ифодасини топаётганини яна бир бор намоён этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.