Ижтимоий ёрдам натижа бермоқда
Ўрта Чирчиқ тумани Кўкмўйин маҳалласида яшовчи Алтинай Исматова болалигида бошидан кечирган оғир хасталик оқибатида бир қўли ва оёғи тўлиқ ҳаракат қилмайдиган бўлиб қолган. Ҳаётнинг мураккаб синовларига қарамай, у ўз иродаси ва қатъияти билан олдинга интилишни танлади.
Маҳаллада комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим томонидан ўтган йили яшаш шароити атрофлича ўрганилиб, бу оила Ижтимоий реестрга киритилди. Шундан сўнг уларга тизимли ва манзилли амалий ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, оила аъзолари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, турмуш ўртоғи иш билан таъминланди, фарзандларига болалар нафақаси тайинланди.
Шунингдек, А.Исматованинг соғлигини тиклаш мақсадида унинг санаторийда даволаниши учун йўлланма берилди. У илгари Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган бўлиб, ўз мутахассислиги бўйича фаолият юритишни мақсад қилган эди. Бугунги кунда эса унинг ҳаётида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Бир йил аввалги ҳолати билан ҳозирги кунлари ўртасидаги фарқ сезиларли даражада.

Айни пайтда у инглиз тилидан сертификат олиб, мактабда иш бошлаш арафасида турибди.
Ҳозирда эса маҳалласидаги ўқувчиларга дарсдан ташқари вақтларда инглиз тилини ўргатиб, ёшларнинг билим олишига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
– Жорий йил бошидан буён маҳалламизда 70 нафар ногиронлиги бўлган шахслар, 21 нафар ижтимоий реестрдаги оилаларга ёрдам кўрсатилди, 18 нафарга яқин муҳтож шахслар протез-ортопедия мосламалари билан таъминланди, – дейди Кўкмўйин маҳалласида комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Шаҳноза Абдуазимова. — Шу билан бирга, 7 нафар ногиронлиги бўлган шахслар иш билан таъминланди, 2 нафар алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар кундузги парвариш хизматига жалб қилинди. Умуман олганда, мазкур саъй-ҳаракатларимиздан аҳоли миннатдор.
А.Мусаев, ЎзА