Янгийўл туманида газ таъминоти тизими яхшиланади
Янгийўл туманида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан барқарор таъминлаш, мавжуд газ тармоқларини модернизация қилиш ва техник ҳолатини яхшилаш, шунингдек, соҳада юзага келаётган муаммоларни тизимли бартараф этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда туманда жами 41 минг 874 та табиий газ истеъмолчиси мавжуд. Шундан 41 минг 176 таси аҳоли хонадонлари, 698 таси улгуржи истеъмолчилар ҳисобига тўғри келади. Газ таъминоти ҳолатини яхшилаш мақсадида ҳудудларда хатлов ва ўрганиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 51 та маҳаллада ўтказилган хатловлар давомида 1 минг 305 та хонадон, 38 та тадбиркорлик субъекти ва 3 та ижтимоий соҳа объекти ўрганилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилаш доирасида 86 та газ тақсимлаш қурилмаси модернизация қилинди. Шунингдек, 14 та қурилмада демонтаж ишлари амалга оширилди. Газ тармоқларининг ишончлилигини ошириш мақсадида 12,210 километр тармоқ реконструкция қилиниб, яна 1,430 километр газ тармоғи тартибга келтирилди.
Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизими бўйича ҳам муайян ишлар бажарилди. Жумладан, 1 минг 671 та газ ҳисоблагич текширилди. Маълумот узатмаётган 975 та ҳисоблагичнинг узлуксиз ишлаши таъминланди. Кўп қаватли уйларда газ ва иситиш тизимларининг техник ҳолатини ўрганишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда 9 та кўп қаватли уйнинг ички газ ва иситиш тизимлари диагностикадан ўтказилди.

Соҳада истеъмолчиларнинг газ таъминоти бўйича қарздорлигини камайтириш ҳам устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда қарздорлиги мавжуд 303 нафар истеъмолчи билан қарздорликни ундириш бўйича тегишли ишлар олиб борилди. Натижада бугунги кунга қадар 1 миллиард 85 миллион сўм маблағ ундирилди.
Табиий газдан оқилона фойдаланиш ва ноқонуний истеъмол ҳолатларининг олдини олиш борасида ҳам назорат тадбирлари кучайтирилмоқда. Прокуратура органлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 11 та ҳолат аниқланган. Ушбу ҳолатлар натижасида 18 минг 565 куб метр табиий газ бўйича 55,6 миллион сўмлик зарар ҳисобланган.

Шу билан бирга, аҳоли ўртасида табиий газдан хавфсиз, оқилона ва тежамкор фойдаланиш маданиятини оширишга қаратилган тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда. Хусусан, тумандаги 51 та маҳаллада тушунтириш тадбирлари ўтказилиб, 1 минг 128 нафар фуқарога табиий газдан тежамкор фойдаланиш, хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ҳамда ресурсларни асраб-авайлаш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Мазкур чора-тадбирлар газ таъминоти тизимининг барқарорлигини таъминлаш, тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилаш, истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳамда табиий газдан оқилона фойдаланиш самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА