Болажонлар учун унутилмас тантана ўтказилди
Мустақиллик — бу нафақат сана, балки инсон қадри улуғланадиган, эзгулик ва бунёдкорлик янада юксаладиган улуғ айёмдир. Бу йилги байрам арафасида юртимиз бўйлаб “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” деган эзгу ғоя асосида маънавий-маърифий, маданий ва хайрия тадбирларининг кенг қамровда ўтказилаётгани ҳам ана шу юксак мақсаднинг амалий ифодасидир.
Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг қувончига шерик бўлиш, уларга муносиб шароит яратиш, қалбида эртанги кунга ишонч уйғотиш каби эзгу ишлар алоҳида аҳамият касб этади.
Зеро, давлатнинг қудрати ва тараққиёти, аввало, инсонга бўлган муносабатда намоён бўлади.

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, айниқса, болалар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар янги босқичга кўтарилди. “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил ҳаётимизда аниқ амалий мазмун касб этиб, эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш, уларнинг фарзандлари учун муносиб шароит яратиш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бирига айланди.
Бухорода ташкил этилган суннат тўйи ҳам ана шу эзгу сиёсатнинг халқимизга хос меҳр-оқибат ва саховат анъаналари билан уйғунлашган яна бир гўзал намунаси бўлди.
Вақф хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти филиали томонидан саховатпеша тадбиркорлар ва ҳомийлар билан ҳамкорликда давлатимиз томонидан ижтимоий муҳофазага олинган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун унутилмас тантана ташкил этилди.
Бу кун болажонлар учун оддий байрам эмас, балки хотираларида бир умр сақланиб қоладиган қувончли воқеага айланди.

Тантанада Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир Элов ва бошқа мутасаддилар иштирок этишиб, болажонларни самимий муборакбод этишди. Уларга мустаҳкам соғлиқ, бахтли болалик, яхши ниятлар ва порлоқ келажак тилаб, ёш авлоднинг комил инсонлар бўлиб вояга етишига ишонч билдирилди.
Тадбир давомида миллий қадриятларимизга хос файзли дастурхон ёзилиб, болажонлар учун турли кўнгилочар дастурлар ташкил этилди. Ҳомийлар томонидан тақдим этилган совғалар эса тантанага янада файз ва кўтаринкилик бағишлади.
Ҳар бир туҳфа болажонларнинг муайян эҳтиёжини қондириш билан бирга, “Сиз ёлғиз эмассиз, сизга бефарқ эмасмиз” деган эзгу маънони ифода этди. Шу боис болаларнинг самимий қувончи, беғубор кулгуси ва бахтдан порлаган кўзлари тадбирнинг энг катта мукофоти бўлди.
Тадбир орқали бир вақтнинг ўзида 35 та оилага қувонч улашилди. 35 нафар боланинг қалбида эса унутилмас хотиралар қолди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири