Маҳалла — ишонч, таянч ва имкониятлар маркази
Маҳалла — одамлар дарди эшитиладиган, муаммоларга ечим топиладиган, янги ташаббуслар қўллаб-қувватланадиган ва аҳоли учун муносиб шароит яратиладиган энг яқин маскан. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2026 йил 16 июль куни маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда «маҳалла еттилиги» фаолиятини янгича ташкил қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам ана шу вазифага алоҳида эътибор қаратганди.
Давлат раҳбари маҳаллани одамлар учун ишонч, таянч ва имкониятлар марказига айлантириш зарурлигини таъкидлади. Бугун бу ёндашув Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида амалий ишлар билан уйғунлашмоқда. Маҳаллаларда ободлик ва фаровонликни таъминлаш, аҳоли бандлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш, ижтимоий муҳитни барқарорлаштириш ҳамда фуқаролар мурожаатларини жойида ҳал этиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Туман ҳокими Азизбек Турдимуродов билан суҳбатимизда маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда «маҳалла еттилиги»нинг бу жараёндаги иштироки ҳақида сўз борди.
— Аввало, Президентнинг 2026 йил 24 июнда қабул қилинган «Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳамда Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида туманда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Айни пайтда туманда давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш ва уни юқори савияда нишонлашга қаратилган кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Аввало, ҳар бир маҳалланинг мавжуд ҳолати ўрганилиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, санитария-тозалик ишларини яхшилаш, ички кўчаларни тартибга келтириш, ижтимоий объектлар ҳамда аҳоли гавжум жойларни обод қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Бу жараёнга «маҳалла еттилиги» билан бир қаторда кўча бошилари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари ҳам фаол жалб этилмоқда.
«Долзарб 40 кунлик» доирасида ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида туман штаби тузилиб, тумандаги 38 та маҳалланинг ҳар бирига масъул раҳбарлар бириктирилди. Ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари нисбатан паст бўлган 7 та маҳалла алоҳида назоратга олиниб, уларга тажрибали раҳбарлар масъул этиб белгиланди.
Эътиборли жиҳати шундаки, ишлар умумий тарзда эмас, балки ҳар бир кўча ва хонадон кесимида ташкил этилмоқда. Қайси кўчада ободонлаштиришга эҳтиёж бор, қаерда ёритиш тизими етишмайди, қайси хонадонда таъмирталаб ҳолат мавжуд — барчаси ўрганилиб, манзилли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Олиб борилаётган ишлар натижасида тумандаги жами 834 та кўчанинг 598 тасида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Кўчаларда 787 та чироқ ўрнатилиб, аҳоли учун кечки вақтда ҳам қулай ва хавфсиз муҳит яратилди.

Умумий узунлиги 52,6 километр бўлган ариқ ва зовурлар тозаланди. 220 та хонадон таъмирланди, 562 та девор ва дарвоза бўялди, 8 минг 258 та хонадон ҳовлиси ободонлаштирилди. Шунингдек, 173 та ижтимоий объект, 34 та қабристон ва 411 та тадбиркорлик объектида ободонлаштириш ишлари бажарилди. Бу рақамлар замирида эса оддий, аммо муҳим мақсад — одамлар учун муносиб, тоза ва қулай яшаш муҳитини яратиш вазифаси мужассам.
— Сирдарё туманида бугунги кунда қанча аҳоли истиқомат қилади? Маҳаллаларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш учун қандай ёндашувлар танланган?
— Бугунги кунда туманда 38 та маҳалла, 142 минг аҳоли ва 27,9 мингта хонадон мавжуд.
Албатта, ҳар бир маҳалланинг имконияти ва салоҳияти бир хил эмас. Айрим ҳудудларда туризмни ривожлантириш учун имконият юқори бўлса, бошқаларида сервис, фармацевтика ёки қишлоқ хўжалиги асосий даромад манбаи бўлиши мумкин.
Шу боис маҳаллаларнинг иқтисодий салоҳиятини ўрганиш асосида уларнинг асосий драйвер йўналишлари белгилаб олинган.
Жумладан, Шоликор ва Камолот маҳаллаларида туризм, Исломобод, Дўстлик ва Хазина маҳаллаларида сервис соҳаси, Бунёдкор маҳалласида фармацевтика йўналиши устувор ҳисобланади.
Янгиобод, Туркистон, Оқ йўл, Интилиш, Тараққиёт, Ҳикматли, Деҳқонобод, Навоий, Қуёш ва Элобод маҳаллаларида эса қишлоқ хўжалиги асосий драйвер сифатида белгиланган.


Бундай ёндашувнинг аҳамияти шундаки, энди маҳалладаги иқтисодий фаолликни умумий кўрсаткичлар асосида эмас, балки ҳудуднинг ички имкониятлари ва мавжуд ресурсларидан келиб чиққан ҳолда ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда.
Яъни ҳар бир маҳалла ўзининг «ўсиш нуқтаси»ни топиши керак. Бу эса янги лойиҳаларни ишга тушириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли учун қўшимча даромад манбаларини шакллантириш имконини беради.
— Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича қандай натижалар бор?
— Маҳаллани иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлашнинг энг муҳим шарти — аҳоли учун доимий ва барқарор даромад манбаини яратиш. Шу боис туманда аҳоли бандлигини таъминлаш, норасмий меҳнат муносабатларини расмийлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва оилавий бизнесни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентнинг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида
жорий йилнинг июнь ойига қадар аҳолини доимий иш билан таъминлаш бўйича 2 минг 18 та иш ўрни яратиш режалаштирилган эди. Амалда 2 минг 632 та доимий иш ўрни яратилди ва режа 130,4 фоизга бажарилди.

Бундан ташқари, норасмий банд аҳолини расмий меҳнат муносабатларига жалб қилиш бўйича 2 минг 204 нафар фуқаронинг бандлиги расмийлаштирилди.
Бу кўрсаткичлар туманда бандлик масаласига фақат ишсизликни камайтириш нуқтаи назаридан эмас, балки оилаларнинг барқарор даромадини таъминлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва турмуш фаровонлигини юксалтириш вазифаси сифатида ёндашилаётганини кўрсатади.
— Инфратузилмани яхшилаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Аҳоли фаровонлигини замонавий ва барқарор инфратузилмасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун туманда ички йўллар, ичимлик суви, электр таъминоти, ирригация ва ижтимоий объектларни яхшилашга қаратилган лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.
Сўнгги бир ярим йил давомда туманда 10 километр ичимлик суви тармоғи тортилди.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги «Сирдарё вилоятининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори доирасида умумий қиймати 127,2 миллиард сўм бўлган 31 та объектда ишлар амалга оширилди. Шундан 9 таси мактаб, 10 таси мактабгача таълим ташкилоти, 9 таси соғлиқни сақлаш ва 2 таси ижтимоий объектларга тўғри келади. Шунингдек, 21 та маҳаллада 50 километр ички йўлга асфальт қопламаси ётқизилди.
Президентимизнинг 2024 йил 24 декабрдаги “2025 — 2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида эса умумий қиймати 75,4 миллиард сўмлик 11 та объект бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Улар орасида мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, ирригация ва мелиорация объектлари, сув ва электр таъминотини яхшилаш ҳамда кўприк реконструкцияси каби йўналишлар бор.


Оғир маҳаллаларда ҳам алоҳида дастурлар асосида ишлар олиб борилди. ПҚ–330-сонли қарор доирасида жами 9,2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан суғориш тизими ва электр таъминотини яхшилаш чоралари кўрилди.
Ташаббусли бюджет жараёнларида ҳам аҳолининг ўзи билдирган ташаббусларга таянилмоқда. 2025 йилда ғолиб деб топилган 4 та маҳалланинг ички йўлларига 9,6 километр асфальт ётқизилиб, бунинг учун 6 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
2026 йил биринчи мавсумида эса 6 та маҳалла ғолиб деб топилиб, уларда 17,1 километр ички йўлни асфальтлаш учун 14,2 миллиард сўм маблағ ажратилди.
— Бугун маҳалланинг вазифаси фақат ободонлаштириш билан чекланиб қолмаяпти. Ёшлар ва хотин-қизлар бандлиги борасида қандай ишлар қилинмоқда?
— Тўғри. Маҳалла бугун фақат ободонлаштириладиган ҳудуд эмас. У ерда инсоннинг иқтисодий фаоллигини ошириш, ўз бизнесини бошлаши ва доимий даромадга эга бўлиши учун шароит яратиш ҳам асосий вазифалардан биридир. Шу нуқтаи назардан қаралганда, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этишда имтиёзли кредитлар, субсидиялар, касб-ҳунарга ўқитиш ва ўзини ўзи банд қилиш имкониятларини кенгайтиришга устувор аҳамият берилмоқда.
Ёшлар учун «Ёшлар бизнеси» ва «Бизнесга биринчи қадам — ёшлар учун» каби дастурлар муҳим имконият яратмоқда. Ушбу дастурлар орқали ўзини ўзи банд қилган ёшларга имтиёзли кредитлар ажратиш, бизнесини кенгайтириш истагидаги ёш тадбиркорларни қўшимча молиялаштириш ва янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.

Хотин-қизлар учун «Аёллар дафтари» ҳам муҳим механизм бўлиб қолмоқда. У орқали тадбиркорликни бошлаш учун зарур тикув машинаси, пазандачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа меҳнат қуролларини харид қилишга 10 миллион сўмгача субсидия, шунингдек, тадбиркорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.

Сирдарё вилояти миқёсида 2026 йилда тадбиркорлик лойиҳалари учун 10 триллион сўм ресурс йўналтирилиши режалаштирилган. Бу маблағларнинг туман имкониятлари билан уйғунлаштирилиши янги бизнесларни ишга тушириш, мавжуд корхоналарни кенгайтириш ва аҳоли даромадларини ошириш учун муҳим омил бўлади.
— Сиз айтган вазифалардан келиб чиқиб, «маҳалла еттилиги» фаолиятида қандай ўзгаришлар бўлмоқда?
— Бугун «маҳалла еттилиги»нинг вазифаси фақат ўз йўналиши бўйича ишлаш эмас, балки маҳалладаги умумий муҳит учун масъулиятни ҳис қилишдан иборат.
Маҳаллада ким ишсиз, ким тадбиркорлик қилиш истагида, қайси оила ижтимоий кўмакка муҳтож, қаерда инфратузилма муаммоси бор, қайси ёшнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш керак — буларнинг барчаси ўзаро боғлиқ масалалар. Шунинг учун «маҳалла еттилиги» аъзолари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, ҳар бир хонадон ва кўча кесимида ишлаш, муаммони аниқлашдан унинг ечимигача бўлган жараённи кузатиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳаллада ҳар бир масъул ўз вазифасини бажариши билан бирга, умумий натижа учун ҳам масъулиятни ҳис қилиши муҳим. Зеро, аҳоли бандлиги, ижтимоий ҳимоя, ёшлар билан ишлаш, ободонлаштириш ва тадбиркорликни ривожлантириш бир-бири билан чамбарчас боғлиқ жараёнлардир.
— Умуман олганда, Сирдарё туманида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад нимадан иборат?
— Асосий мақсад — маҳаллаларни ҳар томонлама ривожланган, обод, иқтисодий фаол ва аҳоли учун муносиб яшаш шароити яратилган ҳудудларга айлантириш.
Бунда ободлик ва иқтисодий тараққиётни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Яхши йўл — тадбиркорлик учун имконият, сифатли инфратузилма — янги инвестициялар учун шарт-шароит, ёритилган ва обод кўча — аҳоли хавфсизлиги ва кайфияти учун муҳим омил.
Энг асосийси, маҳаллада ҳар бир инсон ўзини эътиборда ҳис қилиши керак. Шунинг учун биз ҳар бир ишни «Бу аҳолига нима беради?» деган саволдан келиб чиқиб ташкил этишга ҳаракат қиляпмиз. Янги иш ўрни яратиш, хонадон даромадини ошириш, йўлни таъмирлаш, ичимлик суви муаммосини ҳал қилиш, кўчани ёритиш ёки ижтимоий объектни таъмирлаш — буларнинг барчаси пировардида инсон қадри ва манфаатига хизмат қилади.
Бугун маҳаллага бўлган талаб ҳам шундан иборат: у ерда одамнинг муаммоси эшитилиши, ташаббуси қўллаб-қувватланиши ва имконияти рўёбга чиқиши керак.
Маҳалла қанча обод, иқтисодий жиҳатдан барқарор ва аҳоли билан ҳамжиҳат бўлса, жамият ҳам шунча фаровон бўлади. Шу маънода, маҳалла институтини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ислоҳотларнинг замирида ҳам одамларнинг эртанги кунига ишончини мустаҳкамлаш, улар учун муносиб ҳаёт шароитини яратиш ва ҳар бир ташаббусга кенг йўл очиш мақсади мужассам.

Сирдарё туманида амалга оширилаётган ишлар эса ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлмоқда. Бугунги обод кўчалар, ёритилаётган ҳудудлар, таъмирланаётган ижтимоий объектлар, яратилаётган янги иш ўринлари ва йўлга қўйилаётган тадбиркорлик лойиҳалари — эртанги фаровон маҳалланинг мустаҳкам пойдеворидир.
Зеро, обод маҳалла — фаровон оила, иқтисодий фаол аҳоли — кучли маҳалла, аҳоли ишончи эса самарали бошқарувнинг энг муҳим мезонидир. Муҳими, маҳаллани обод қилиш, аҳолига муносиб яшаш шароитини яратиш борасидаги ишлар тўхтаб қолгани йўқ. Асосийси, давом этяпти.
— Мазмунли ва самимий суҳбатингиз учун раҳмат. Омон бўлинг!
Суҳбатдош: ЎзА мухбири Ғулом Примов