Янги тайинланган бошлиқ ишни муассасалар фаолиятини ўрганишдан бошлади
Мамлакатимизда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизматларни яқинлаштириш, шифохоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда тиббиёт ходимларининг меҳнатини муносиб қадрлаш борасида кенг қамровли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу эзгу саъй-ҳаракатларнинг бош мақсади — ҳар бир инсоннинг соғлом ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, халқ розилигини таъминлайдиган замонавий тиббиёт тизимини барпо этишдан иборат.
Ана шу эзгу мақсадлар ижросини таъминлаш йўлида Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш тизимида ҳам янги босқич бошланмоқда.
Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг янги тайинланган бошлиғи Муҳсин Ражабов ўз фаолиятини вилоятдаги тиббиёт муассасаларида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишишдан бошлади. Бу эса фаолиятни жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш, мавжуд муаммоларга амалий ечим топиш тамойили асосида ташкил этилаётганининг ёрқин ифодаси бўлди.

Дастлаб Бухоро шаҳридаги қатор тиббиёт муассасаларида амалга оширилаётган қурилиш ва реконструкция ишлари кўздан кечирилди
Ўрганишлар давомида қурилиш ишларининг сифати, белгиланган муддатларга риоя этилиши, замонавий тиббий инфратузилмани яратиш ҳамда беморлар учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Замонавий шифохона ва поликлиникаларни барпо этиш, уларни юқори технологияли тиббий жиҳозлар билан таъминлаш нафақат тиббий хизмат сифатига, балки аҳолининг тиббиёт тизимига бўлган ишончи мустаҳкамланишига ҳам хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, вилоят Эндокринология диспансерида ёш тиббиёт ходимлари билан самимий мулоқот ташкил этилди. Учрашувда уларнинг фикр ва таклифлари тингланиб, соҳада учраётган муаммолар, ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, малака ошириш, меҳнат шароитларини янада яхшилаш каби масалалар муҳокама қилинди. Ёш кадрларнинг билим ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг масъулиятини ошириш келгусида тиббиёт соҳасининг барқарор ривожланишида муҳим омил экани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, вилоят Эндокринология диспансерининг мажлислар залида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ҳамда вилоятдаги тиббиёт муассасалари бош шифокорлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда давлат раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган қарор ва топшириқлари ижроси, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш, қурилиш ва реконструкция ишларини жадаллаштириш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш, дори-дармон таъминотини яхшилаш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда ҳар бир тиббиёт муассасасида хизмат сифати ва масъулиятни ошириш, коррупцияга йўл қўймаслик каби долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг самараси энг аввало оддий инсоннинг розилиги, ўз вақтида ва сифатли тиббий хизмат олиши билан ўлчанади. Шу боис ҳар бир раҳбар ва тиббиёт ходими зиммасига юксак масъулият юкланиши, ҳар бир мурожаатга инсон қадри нуқтаи назаридан ёндашиш талаб этилиши қайд этилди.

Йиғилиш якунида соҳанинг устувор вазифалари белгилаб олиниб, масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Белгиланган вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш, назоратни кучайтириш ва ҳар бир муассасада амалий натижаларга эришиш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган соғлиқни сақлаш соҳасидаги кенг қамровли ислоҳотлар Бухоро вилоятида ҳам янги суръат билан давом этмоқда. Бу жараёнларда раҳбарларнинг жойларга чиқиб ишлаши, муаммоларни ўрганиши, тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот қилиши ва аниқ вазифалар белгилаши аҳолига янада сифатли, тезкор ва замонавий тиббий хизмат кўрсатишга хизмат қилади. Зеро, инсон саломатлигига қаратилган ҳар бир ташаббус — Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг мустаҳкам пойдевори, халқ фаровонлиги ва келажак авлодлар соғлом ҳаётига қўйилган энг қимматли сармоядир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири