Сирдарё янада яшиллашмоқда
Сирдарё вилоятида экологик барқарорликни таъминлаш, иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини юмшатиш ва аҳоли учун соғлом яшаш муҳитини шакллантиришга қаратилган кўкаламзорлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Вилоятда янги яшил жамоат парклари барпо этиш, ҳимоя ўрмонзорларини кенгайтириш ҳамда чегарадош ҳудудларда «яшил девор» яратиш бўйича кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Гулистон шаҳрининг Ободюрт маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 27 сентябрдаги «Яшил боғлар» ва «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори асосида 5 гектар майдонда янги яшил жамоат парки барпо этилди. Лойиҳа доирасида 2 минг 500 туп манзарали дарахт кўчати экилди.

Кўчатларни мунтазам суғориш, парваришлаш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Бу уларнинг яхши илдиз отиши, соғлом ўсиши ва яшовчанлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Вилоятдаги экологик ишлар бу билан чекланмайди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 мартдаги «Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида» ги қарори ижроси доирасида Қозоғистон ва Тожикистон республикалари билан чегарадош ҳудудларда умумий узунлиги 84 километр бўлган «яшил девор» барпо этилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш учун Сирдарё, Мирзаобод, Ховос ва Оқолтин туманларидаги чегарадош ҳудудлардан жами 158,7 гектар ер майдони ажратилиб, Сирдарё давлат ўрмон хўжалиги тасарруфига берилди. Ҳозирда ушбу ҳудудларда ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ишлари босқичма-босқич давом эттирилмоқда.

Баҳорги кўчат экиш мавсумида Мирзаобод тумани чегара ҳудудининг 5,3 километр қисмига 6 минг 800 туп қайрағоч, жийда, тут ва ясин кўчати экилди. Сирдарё туманида эса аввалги экишларда бўш қолган ҳудудларни тўлдириш мақсадида 6 минг 100 туп кўчат, жумладан, 1 минг 900 туп тут ва 4 минг 200 туп терак кўчати ўтқазилди. Шу тариқа баҳорги мавсумда вилоят бўйича қарийб 13 минг туп дарахт кўчати ерга қадалди.
Мутахассислар фикрича, ҳимоя ўрмонзорлари шамол эрозияси ва чанг-қум бўронларининг салбий таъсирини камайтириш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш, намликни сақлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, улар атмосферадаги карбон газини ютиш, ҳаво сифатини яхшилаш, биологик хилма-хилликни асраш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга муносиб ҳисса қўшмоқда.

— Кўкаламзорлаштириш ишлари бир мавсумлик тадбир эмас, балки вилоятнинг экологик барқарорлигини таъминлашга қаратилган узоқ муддатли дастурнинг устувор йўналишларидан биридир. «Яшил жамоат парклари» ва «яшил девор» лойиҳалари шамол эрозияси ҳамда чанг-қум бўронларининг салбий таъсирини камайтириш, ҳаво сифатини яхшилаш, биологик хилма-хилликни асраш ва аҳоли учун соғлом экологик муҳитни шакллантиришда муҳим ўрин тутмоқда. Шу боис келгуси йилларда ҳам вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш, ҳимоя ўрмонзорларини босқичма-босқич кўпайтириш ҳамда замонавий суғориш технологияларини кенг жорий этиш ишлари изчил давом эттирилади, — дейди Сирдарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Нуъмонов.

Эътиборлиси, бугун кўкаламзорлаштириш ишлари вилоятнинг деярли барча шаҳар ва туманларини қамраб олган. Янги барпо этилаётган яшил жамоат парклари ва ҳимоя ўрмонзорлари экологик мувозанатни мустаҳкамлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва ҳудуднинг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Муҳими, бугун амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ишлари Сирдарёнинг экологик қиёфасини янада яхшилаш, иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини юмшатиш ҳамда келажак авлод учун соғлом яшаш муҳитини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Зеро, бугун экилган ҳар бир кўчат эртанги экологик барқарорлик ва аҳоли фаровонлиги учун мустаҳкам пойдевордир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири