Чорвачилик ривожи — озиқ-овқат хавфсизлиги кафолати
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида чорвачиликни замонавий ёндашувлар асосида ривожлантириш, наслчиликни такомиллаштириш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга қаратилган ишлар изчил амалга оширилмоқда. Бу борада “Shimbayli Mirzabek Sharua” фермер хўжалиги фаолияти эътиборга молик.
Фермер хўжалигининг умумий ер майдони 203 гектарни ташкил этади. Шундан 123,1 гектари яйлов, 13,2 гектари пичанзор, қолган қисми эса қишлоқ хўжалиги ерларидан иборат. Бугунги кунда хўжаликда 100 бошдан ортиқ қорамол, 40 бошдан зиёд туя ва 8 бош от парваришланмоқда.
[gallery-30764]
Жорий йилда давлат томонидан яратилган молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятлари асосида хўжаликка ажратилган имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан Грузиядан гўшт йўналишидаги 450 бош наслли қўй олиб келинди. Бу юқори маҳсулдор наслларни кўпайтириш, гўштчилик тармоғини ривожлантириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда.
Хўжаликда сут чорвачилиги йўналишини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш имконини бермоқда.
Фермер хўжалиги раҳбари Ойбек Айтимбетовнинг таъкидлашича, чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати, имтиёзли молиявий механизмлар ва яратилган имкониятлар хўжалик фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА