Янги Меҳнат кодекси: Ота-оналарга болалар таътилида имтиёзлар белгиланган
Оила ва фарзанд тарбияси — ҳар бир ота-онанинг ҳаётидаги энг муҳим ва масъулиятли вазифа. Шиддатли иш давомида фарзандларимизга етарлича вақт ажратиш, уларнинг қалбига қулоқ тутиш баъзан мураккаб кечади.
Шу боис, мактаблардаги кузги таътил даври нафақат болаларнинг дам олиши, балки ота-оналар учун ҳам жигарбандлари билан яқиндан мулоқот қилиш, уларнинг сифатли ҳордиқ чиқаришини ташкил этиш ва оилавий ришталарни янада мустаҳкамлаш учун бебаҳо имкониятдир. Кўпчилик иш билан банд бўлган ота-оналар таътил кунларида "болани кимга қолдириш" ёки "у билан қандай қилиб кўпроқ вақт ўтказиш" устида бош қотиришади.
Қувонарлиси шундаки, мамлакатимиз қонунчилиги, хусусан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ходимларнинг оилавий мажбуриятларини ҳурмат қилган ҳолда, айнан мана шундай дамларда уларни қўллаб-қувватловчи қатор имтиёзлар ва кафолатларни тақдим этади. Давлат томонидан яратилган бу ҳуқуқий имкониятлар ота-оналарга иш жараёнини қисман тўхтатиш ёки мослаштириш орқали болалари таътилда бўлган пайтда уларнинг ёнида бўлишга йўл очади.
Хусусан, фарзандлар таътилда бўлган пайтда улар билан кўпроқ вақт ўтказишни истаган ота-оналар учун қонунчиликда имкониятлар белгиланган.
Меҳнат кодексининг 401- ва 402-моддаларига кўра, айрим тоифадаги ота-оналар ҳар йили қўшимча таътил олиш ҳуқуқига эга. Бундан 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ фарзанди ёки 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган фарзанди бор ота-оналардан бири, жумладан, ота-она ўрнини босувчи шахслар ҳам фойдаланиши мумкин.
Хўш, қандай таътиллар берилади?
Ҳар йили камида 4 календарь кун ҳақ тўланадиган қўшимча таътил.
Ота-оналардан бирининг хоҳишига кўра, ҳар йили 14 календарь кунгача иш ҳақи сақланмайдиган таътил.
Муҳим жиҳатлари шундаки, ушбу таътиллар йиллик меҳнат таътилига қўшиб ёки иш берувчи билан келишилган ҳолда алоҳида (тўлиқ ёки қисмларга бўлиб) олиниши мумкин. Таътиллардан фақат тегишли иш йили давомида фойдаланилади. Фойдаланилмаган таътиллар кейинги иш йилига кўчирилмайди. Ҳақ тўланадиган қўшимча таътил пул компенсацияси билан алмаштирилмайди.
Давлат томонидан ота-оналарга берилаётган бундай кафолатлар — шунчаки меҳнат имтиёзи эмас, балки соғлом оилавий муҳитни шакллантириш ва келажак авлод тарбиясига қаратилган юксак эътибор намунаси. Қонунчилик тақдим этган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил, ўз ҳисобидан бериладиган таътил ёки мослашувчан иш графиги каби имкониятлардан тўғри ва ўрнида фойдаланиш ҳар бир ота-онанинг ўз ҳуқуқий саводхонлигига боғлиқ. Таътил кунларини оила даврасида, мазмунли ўтказиш фарзандларингиз хотирасида бир умрга муҳрланиб қолади ва уларнинг янги чоракда янада яхшироқ ўқишларига улкан рағбат беради.
Гулноза Бобоева,
ЎзА