Авлодларга мерос бўлаётган момомерос ҳунар
Дўппидўзлик халқимизнинг қадимий миллий ҳунармандчилик турларидан бири. Асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ушбу нафис санъат бугун ҳам ўз қадри ва жозибасини йўқотмай, устоз-шогирд анъаналари асосида давом эттирилмоқда.
Марғилон шаҳрининг Янги Марғилон шаҳарчасидаги Наврўз маҳалласида истиқомат қилувчи Салимахон Ҳожихўжаева ана шу момомерос ҳунарни асраб-авайлаб, унинг сир-асрорларини ёш авлодга ўргатиб келаётган моҳир ҳунармандлардан бири.
85 ёшни қаршилаган онахон бугун ҳам қўлидан игна-ипни қўймай, миллий дўппилар тикиш билан машғул. Қизлари ва келинлари унинг муносиб шогирдларига айланган. Набиралари ҳам момосидан ҳунар сирларини ўрганмоқда. Ўғиллари эса оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
– Дўппидўзлик инсондан, аввало, сабр-тоқат, меҳр ва нозик дидни талаб этади, - дейди Салимахон ая. – Айни кунларда набираларим билан бирга қизлар учун “Гулноз”, “Баҳор”, “Жанон”, “Ёнғоқ нусха”, “Шабнам” каби дўппиларни тикяпмиз. Қўл меҳнатимиз билан яратилган маҳсулотлар харидорларга манзур бўлаётганидан хурсандмиз.
Салимахон Ҳожихўжаева хонадонида миллий ҳунармандчилик анъаналари оилавий тадбиркорлик билан уйғун ҳолда давом этмоқда. Онахоннинг кўп йиллик тажрибаси, сабр-тоқати ва маҳорати ёш авлод учун ўзига хос ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.
[gallery-32372]
Меҳр ва маҳорат билан тикилган ҳар бир дўппи нафақат миллий бош кийим, балки халқимизнинг бой маданий мероси, қадриятлари ва азалий анъаналарини ўзида мужассам этган ҳунармандчилик намунасидир.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА