Янги лаборатория фойдаланишга топширилди
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Геология-қидирув экспедициясида Намуна-таҳлил лабораторияси фойдаланишга топширилди.
Навоий кон-металлургия комбинатида хомашё захираларини қидириш ва аниқлаш бўйича ишларни амалга ошириш Геология-қидирув экспедицияси зиммасига юкланган. Бугунги кунда геология-қидирув ишларининг самарадорлиги нафақат ер қаъридан олинган намуналар сони, балки уларни қанчалик тез, аниқ ва ишончли таҳлил қилиш имконияти билан белгиланади.
Мазкур лаборатория очилишига бағишлаб ўтказилган тадбирда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ раҳбарияти, Геология-қидирув экспедицияси ишчи-ходимлари иштирок этди.

Ушбу лабораториянинг ишга туширилиши корхонада бурғилаш ишларидан тортиб, намуна таҳлилини 3D моделлаштириш ва захираларни аниқ баҳолашгача бўлган ягона технологик занжир яратиш, “рақамли геология”дан “ақлли геология”га ўтиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Лаборатория бир суткада 400 тагача геологик намунани қисқа муддатда таҳлил қилиш қувватига эга.
Геология-қидирув экспедициясида бирламчи геологик ҳужжатларни тўплаш ва таҳлил қилиш, маҳаллий геологик маълумотлар базасини яратиш ва рақамлаштириш, минерал ресурсларни баҳолаш жараёнларида “Micromine”, “Geobank” ва “Leapfrog” каби замонавий дастурий маҳсулотлардан фойдаланилмоқда. Шунингдек, захираларни халқаро амалиётда кенг қўлланиладиган “JORC Code” ҳисобот стандартлари асосида баҳолашга алоҳида эътибор берилмоқда.


Янги лаборатория замонавий асбоб-ускуналар, рақамли бошқарув ечимлари, намуна олиш тезкорлиги асосида ташкил этилган. Бу олинган натижани ягона геологик ахборот тизимининг муҳим қисми сифатида таҳлил қилиш имконини яратади. Намуна олинишидан бошлаб, унинг таҳлил натижаси, географик координатаси, геологик тавсифи ва моделдаги ўрнигача бўлган маълумотларни ўзаро боғлиқ ҳолда шакллантириш замонавий геологиянинг асосий талабларидан биридир. Бунинг эвазига мутахассислар катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор солиштириш, таҳлил қилиш, истиқболли майдонларни аниқлаш, уч ўлчовли геологик моделларни шакллантириш ва минерал ресурсларнинг истиқболини янада аниқ баҳолаш имконига эга бўлади. Ушбу замонавий лабораториянинг ишга туширилиши натижасида 50 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.



Тадбирда Мустақиллик байрами муносабати билан бир гуруҳ ишчи-ходимлар, қурувчилар ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан рағбатлантирилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири